Пластик карталардан фойдаланиш маданияти: ишонинг, бироқ текширишни унутманг!

  Сўнгги кузатувларга биноан, карта эгалари томонидан ўз пластик карталарининг ҳавфсизлигига нисбатан бефарқ бўлган ҳолатлар қайд этилган.  Таъкидлаб ўтамизки, ҳар бир карта эгаси ўз пластик картасининг  PIN-кодини овоз чиқариб айтиш, картани бегоналарга ишониб топшириш,  карта уланган мобил иловага кириш паролини айтиш ёки тотализаторларда иштирок этиш каби ҳолатларда ўзи жавобгар ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик кодексига биноан (191-модда),  қимор ўйинлари ва бошқа ҳавфли ўйинларни ташкиллаштириш ва уларда иштирок этиш ноқонуний ҳисобланади.

Халқаро ҳавфсизлик талабаларига кўра, пластик картанинг фотосуратини, 16 сонли рақамларини ижтимоий тармоқлар орқали ёзиб юбориш, жумладан, уни учинчи шахсларга топшириш қатиъян ман этилади. Кибер жиноятчилар айнан шу каби ҳолатлардан фойдаланганликлари қайд этилган.

Uzcard логотипи жойлаштирилган гуруҳлар, иловалар ва сайтлар Ягона умумреспублика процессинг марказига (ЯУПМ) интеграцияланганидан ҳамда ҳамкор эканлигидан далолат бермайди. ЯУПМ билан тузилган шартномага биноан, Республикамиздаги 28 та банк ва савдо нуқталари  Uzcard савдо белгисини ишлатишга ҳақли ҳисобланади.

Пластик картадан фойдаланишда бажарилиши даркор бўлган ҳавфсизлик чоралари:

-картани ҳавфсиз жойда сақлаш;

- фойдаланувчини тасдиқлаш учун юборилган текширув кодини учинчи шахсларга айтмаслик;

-учинчи шахсларга пластик картанинг PIN-кодини айтмаслик;

- пластик картанинг фотосуратини ижтимоий тармоқлар орқали тақдим этмаслик;

-эслатма тариқасида пластик картанинг ўзида унинг PIN-кодини ёзмаслик даркор.

Ўз навбатида, Uzcard барча карта эгаларини огоҳ бўлишга ҳамда шубҳали эълон ва гуруҳлар кузатилганида ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат этишларини сўраб қолади.

Пул маблағларингизнинг ҳавфсизлиги Сизнинг қўлингизда!