Комиссион тўловларсиз банкомат орқали конвертация

  Uzcard карта эгаларига кенгайтирилган хизмат турини тақдим этиш мақсадида, Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) мутахассислари томонидан CINEO C4560   русумидаги янги банкоматларга тегишли дастурий таъминот ўрнатилди. Демак, бу қандай қулайлик  эканлигига аниқлик киритамиз?

CINEO C4560 русумидаги   кўпқирралик банкоматлар жаҳондаги етакчи концерни Diebold Nixdorf томонидан етказиб келинмоқда. Бугунги кунга келиб, ушбу русумдаги банкоматлар Ўзбекистондаги бир қатор банклар томонидан харид  қилиб олинди. Марказимиз томонидан интеграция қилиниш учун олиб борилган барча  тест ишлари муваффақиятли ва вақтида ўтказилди. Бу дегани, харид қилинган барча банкоматлар жойлаштирилгандан сўнг, ҳар бир карта эгасида банкомат орқали хизмат турларидан фойдаланишда қўшимча имкониятлар яратилади. CINEO C4560 банкоматларининг қулайликларидан ва бошқа амалдаги банкоматлардан фарқли қирраларидан бири, карта эгаси хориж валютасидаги нақд пулларини банкомат орқали конвертация қилиш имкониятига эгалигидир. Ушбу банкоматга хизмат кўрсатувчи банк томонидан валюта курси белигиланади, бунда карта эгасидан комиссион тўловлар ечиб олинмайди. Қулай ва осон.

Кўпқирралик банкомат узилишларсиз хизмат кўрсатиши учун барча ҳавфсизлик талабларига жавоб берувчи дастурий таъминот ўрнатилди. Карта эгалари иккиланмасдан, пластик картадаги маълумотлар ҳавфсиз сақланаётганлигига амин бўлган ҳолда хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Жумладан, банкоматлардан фойдаланиш қоидаларига  риоя этиш - пул маблағларининг ҳимояланган ва ҳавфсиз ҳолда сақланишини таъминлайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, CINEO C4560 русумидаги янги банкоматлар одатий вазифалардан ташқари, амалдаги бошқа банкоматлар қўллаб-қувватламайдиган бир қатор инновацион хизматларни тақдим этгани боис, банкдаги бутун бир бўлимнинг ўрнини босади. Ҳозирда мутахассисларимиз томонидан бир қатор бошқа русумдаги банкоматларни интеграция қилиш, жумладан, GRG H68N NCR и Seif Serv6632 русумидаги банкоматларни ўрнатиб аҳоли вакилларига хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Ушбу русумдаги банкоматлар ҳам конвертация функциясини қўллаб-қувватлаш қаторида қатор инновацион  хизматларни ўз мижозларига тақдим этади.

P.S. Diebold Nixdorf концерни қатор банк ва чакана савдо ташкилотларига IT-маҳсулот ва ечимларни етказиб берувчи дунёдаги етакчи компания ҳисобланади.  Компания банкоматларни ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш соҳасида Европа ва дунёда 2-ўринда туради. Халқаро ташкилот сифатида танилган Diebold Nixdorf дунёнинг 110 та мамлакатида фаолиятини олиб боради, булардан 42 тасида ўз филиалларига эга. Ускуналарнинг аксарияти Германияда ишлаб чиқарилади.