BANKEXPO-2015 КЎРГАЗМАСИ – БАНК ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ЯНАДА ЯҚИН БЎЛМОҚДА

«Ўзкўргазмасавдо» Тошкент кўргазма марказида «BankEXPO – 2015» Банк технологиялари, ускуналари ва хизматлари VIII миллий кўргазмаси тугалланди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бюджет ва иқтисодий реформалар, ахборот ва коммуникацион технологиялар бўйича қўмиталари, Ўзбекистон банклар Ассоциацияси ва "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда мамлакат тижорат банклари, лизингга берувчилар ассоциацияси компаниялари, етакчи суғурта компаниялари, маҳаллий ва хорижий IT-компаниялар қатнашдилар.

Кўргазманинг асосий мақсади тадбиркор ва аҳолини республика банк соҳасида эришилган сўнгги ютуқлар ва ривожланиш истиқболлари тўғрисида хабардор қилиш, янги технология ва маҳсулотларни намойиш этишдан иборат эди. Кўргазмада иштирокчи банклар жамоатчиликка ахборот технологиялари соҳасида ўзларининг янги ишланмаларини: интернет-банкинг, мобил банкинг, шунингдек, депозитлар, кредитлар ва х.к. каби анъанавий банк хизматлари ва маҳсулотларини намойиш этдилар.

Кўргазма доирасида банк ишининг турли йўналишлари бўйича анжуманлар, презентациялар ва мастер-класслар ташкил этилди. Хусусан, тадбирлар давомида Ўзбекистон Республикасининг "Электрон тижорат тўғрисида"ги Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасининг презентацияси бўлиб ўтди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг тақдим этилган таҳрири электрон тижорат ривожи учун янги хуқуқий, иқтисодий, ташкилий ва техник шароитларни яратади. Қонун лойиҳаси концепцияси томонидан электрон тижорат жараёнлари расмийлаштирилишининг ва шартномалари бажарилишининг сезиларли соддалашиши назарда тутилган, бу эса шубҳасиз Ўзбекистон Республикаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг рақобатбардошлиги, молиявий барқарорлиги ва инвестицион фаоллигини янада оширишга кўмаклашади.

Кўргазма меҳмонларига Uzcard нинг янги мобил тўлов иловаси тақдим этилди, унинг ёрдамида онлайн режимда сотувчилар кенг доирасининг товар ва хизматлари учун тўловларни амалга ошириш, ўз харажатларини "тўловлар мониторинги" хизмати ёрдамида назорат қилиш, QR-кодни сканерлаш ёрдамида тўловни амалга ошириш ва битта аккаунтдан бир нечта банк карталарни бошқариш мумкин. Uzcard иловаси Uzcard банк карталари соҳиблари ва iOS ва Android да мобил ускуналар эгалари учун очиқ.

Ўтган кўргазма Ўзбекистон банклари замон билан баравар юраётган янги авлод мижозларнинг талабларига жавоб берадиган замонавий технологиялардан кенг фойдаланаётганини намойиш этди. Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу кўргазма банк ва меҳмонлар учун янги маълумот олиш, тажриба алмашиш, банк соҳасининг ютуқлари ва ривожланиш истиқболлари билан батафсил танишиш, шунингдек янги алоқалар ўрнатиш учун ажойиб имконият яратди.