ЭЛЕКТРОН ТЎЛОВЛАР РИВОЖИ

Тошкент молия институтида Ўзбекистон Марказий банки билан биргаликда "Банк тизимида электрон тўловлар ва интерактив хизматлар ривожининг долзарб муаммолари" мавзусида анжуман ўтказилди.

Ҳозирги вақтда мижозларга масофадан туриб банк хизматлари кўрсатишнинг янги инновацион тизимлари, шу жумладан, интернет-банкинг, мобил банкинг ва СМС-банкинг катта ривож топди.
Мижозларга масофадан туриб хизматлар кўрсатиш тизими фойдаланувчилари 2011 бошидаги 24,5 минг кишидан 2015 йил 1 январ ҳолатига 534,8 минг кишига кўтарилди, шундай қилиб, бу кўрсаткич охирги 5 йил ичида 21.8 марта ошди.
Электрон тўловлар тизимининг фаоллашуви кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банклараро тўлов тизими орқали ўтказилган транзакциялар сони 2010 йил якунларидаги 35,5 миллиондан 2014 йилда 60 миллионгача ошди, ушбу кўрсаткичнинг охирги 5 йил ичидаги ўсиши 1,7 мартани ташкил этди.
Ўтказилган тадбир натижасида банк соҳасида электрон тўловларни янада ривожлантириш ва интерактив хизматларни кенг тадбиқ этиш, банк пластик карталаридан ва банк мижозларига масофада хизматларни кўрсатишдан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.