ХИТОЙ ЎЗ ХАЛҚАРО ТЎЛОВЛАР ТИЗИМИНИ ИШГА ТУШИРИШНИ РЕЖАЛАЯПТИ

Хитойнинг CIPS (China International Payments System) халқаро тўловлар тизими 2015 йилнинг иккинчи ярмида ишга туширилиши мумкин. Хитой оммавий ахборот воситалари хабарларига қараганда тизим жорий йилнинг сентябрь ёки октябрь ойида ишга туширилиши мумкин.

«Ушбу тизим бутун дунёда тўловларни юаньда амалга ошириш имкониятини яратади ва хитой валютасидан фойдаланиш даражасини орттиради. Ҳозирда у ишлашга амалда тайёр ва Хитой синов ўтказиш учун 20 та банкни танлади», — деб Shanghai Clearing House клиринг агентлиги раҳбари Сюй Чжэньцзэн таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, SWIFT банклараро ахборот узатиш тизими маълумотига қараганда юаньнинг халқаро тўловлардаги улуши (транзакциялар қиймати бўйича) 2014 йил декабр ойида 2,17% ташкил этди, бу эса унга тарихда илк бор канада ва австралия долларидан ўзиб кеттиш имконини берди.

Энг кўп ишлатиладиган валюталар рейтингида юань халқаро тўловларда ҳисобот ойида 2,69% улуши бўлган япон иенасидан кейин турибти. Доллар ва евро жаҳоннинг биринчи ва иккинчи валютаси ўрнини сақлаб туришибди (44,6 ва 28,3% билан), британ фунт стерлинги 7,92% билан учинчи ўринни эгаллаб турибди.