ТЎЛОВ ТЕРМИНАЛЛАРИНИ ЗАМОНАВИЙЛАШТИРИШ – БИЗНЕСНИНГ ИШОНЧЛИ СТРАТЕГИЯСИ

Ўзбекистонда банк соҳасининг ривожланиши мамлакатда бозор муносабатларини шакллантириш ва хусусий бизнес ўсишини мустаҳкамланишга улкан туртки беради. Ҳозирда ҳар бир тадбиркор, агарда замон билан ҳамқадам юрса, ўзи учун янги технологияларни очса ва доимо воқеа-ҳодисалардан хабардор, огоҳ бўлса, ишончли ва сердаромад бизнесни яратишда ажойиб натижаларга эришиши мумкинлигини тушунади. Uzcard пластик карталари ва уларга терминалларнинг кенг тарқалиши туфайли ҳозирги бизнесменларда ҳисоб-китоб операциялари, инкассацияларни амалга ошириш, харидорларнинг кенг қатламини жалб этиш учун вақтни тежаш, бинобарин савдо айланмаларини кўпайтириш имконияти пайдо бўлди.

Ўз навбатида, банк тизими турли молия институтлари ва технологиялари орасидаги ўзаро алоқанинг мураккаб механизми бўлиб, тўлов ва бошқа операцияларни ўтказиш учун энг ишончли ускуналарга муҳтож. Сир эмаски, пластик тўлов карталарининг кенг тарқалиши POS-терминаллар – дўкон, кафе, ресторан ва х.к.ларда товар ва хизматлар ҳақини тўлаш имконини берган ускуналар бозорининг жадал ривожланишига олиб келди.

Ускуналарнинг ҳар бир тури, айниқса юқори технологиялилари фойдаланувчидан эҳтиёткорона муомала ва ўзига хос ишлатиш маданияти шакллантирилишини талаб этади. Шубҳасизки, фойдаланувчи ўз терминал ускуналаридан тўғри фойдаланишга қанчалик катта эътибор қаратса, у шунча узоқ вақт унга хизмат қилади, лекин ускунанинг ўзи турли сабабларга кўра алмаштирилишни тақозо этиши ҳоллари ҳам учраб туради. Кўпинча ускунанинг шунчаки маънавий ва моддий эскириши ишда ва бизнесни юритишда кўпгина қийинчиликлар юзага келишига сабаб бўлади.

Ускунанинг эскириши нималарга олиб келиши мумкинлиги ва бундан қандай оқибатлар содир бўлиши мумкинлигини кўриб чиқайлик. Банк ускуналарининг маънавий эскиришида улардан фойдаланишда кўплаб қийинчиликлар туғилади, бу эса, биринчи навбатда ускуналарни тез-тез таъмирлаш, янги замонавий ускунада ўрнатилиши мумкин бўлган янги заҳира қисмлари ва қўшимча модулларни сотиб олиш зарурати демакдир. Эскирган ускуна ишлатилганида бошқа ускуна ва тизимларнинг дастурий таъминоти билан алоқа қилишда тез-тез муаммолар чиқиб туради. Маънавий эскирган ускунани ишлатишнинг яна бир камчилиги уни таъмирлаш ва унга деталь топишнинг қийинлашишидан иборат, сабаби кўпгина ишлаб чиқарувчилар ускунани қўллаб-қувватлаш даври тугагач ва янги ускунани ишлаб чиқаришни бошлаганларида, эски турдаги заҳира қисмларни ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўядилар. Айниқса бундай заҳира қисмларга чек принтери, клавиатура ва кардридер каби ўрнини босиш қийин бўлган механик мосламалар киради. Устига-устак, агар сиз кўп ишлатилган ва эскирган терминалдан фойдаланаётган бўлсангиз, вақт ўтиши "шарофати билан" унинг кафолат даври тугаб, уни фақат қиммат нархда таъмирлатишингизга тўғри келади.

Банк ускуналари янгиланишининг яна бир томони ва сабаби – бу маълумотларни узатиш ва банк операцияларини амалга оширишдаги ахборот хавфсизлигидир. Номукаммал дастурий таъминот, эскирган ускуналарга ўрнатилган процессор ва оператив хотиранинг заиф кўрсаткичлари билан биргаликда, чипли карталар билан тўлов операцияларини ўтказишда маълумотларнинг катта оқими ва ҳисоб-китобларнинг катта ҳажмини эплолмай қолиши мумкин. Бунинг натижасида пакет маълумотларда йўқотиш, сервер билан алоқа ўрнатишга жуда узоқ вақт кетиши ва хатто маълумотларни йўқотиш содир бўлиши мумкин, бу эса тизим ишидаги хатоларга олиб келади.

Банк ускуналарининг маънавий ва функционал эскириши муаммосини фақат ускуналарни янгироқ, замонавийроқ ва фойдалироқ техник ечимларга ўз вақтида алмаштириш билан ҳал этиш мумкин. Фақат бундай ёндашув туфайли бизнесда барқарорликни тўлиқ таъминлаш ва мижозларга хизмат кўрсатишнинг юқори даражада бўлишига тълиқ ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир эскирган терминал ҳар қандай пайтда, айниқса харидорлар сони жуда ортган тиғиз пайтда, ускунанинг ишламай қолиши эҳтимоли бир неча баравар ошганида, панд бериши мумкин. Харидорларни йўқотиш эса нафақат сотувчининг балки унга хизмат кўрсатувчи банкнинг ҳам молиявий йўқотишига олиб келади.

Барқарор ишлаётган янги ускуна ҳам тижорат банклари ҳам савдо корхоналари учун бизнесни муваффақиятли юритиш, янги мижозларни жалб этиш, кўрсатилаётган хизматлар ишончлилиги ва сифатининг шубҳасиз кафили бўлиб хизмат қилади.