Uzcard: Тўлов тизимидаги такомиллашув пластик карточкаларининг имкониятларини кенгайтирмоқда.

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон республикаси Марказий банки томонидан ташкил этилган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Миллий тўлов тизимини такомиллаштирилиши ва пластик карточкалари қўлланинилишини кенгайтирилишига бағишланган анжуманда Ўзбекистон Марказий банки, мамлакатимиз тижорат банклари, Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Учрашув давомида Марказий банк мутахассислари томонидан Ўзбекистонда электрон ҳамёндан тўловларни узлуксиз қабул қилиш учун тижорат банклари томонидан 163 мингдан ошиқ чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари тўлов терминаллари билан таъминлангани таъкидлаб ўтилди. Тўлов терминалларини чекка ҳудудлардаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ҳам ўрнатиш, эскиларини янгиси билан алмаштириш чоралари кўриб борилмоқда. Аҳоли гавжум жойларда 2 мингга яқин кўпфункцияли инфокиоск ва банкоматлар ўрнатилди.

Пластик карточка эгалари ундан универсал тўлов воситаси сифатида фойдаланиб, кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат ва маиший маҳсулотлар, пуллик, шунингдек, коммунал хизматлар учун тўловларни ҳар қандай масофадан туриб, исталган вақда амалга оширишлар мумкин. Бундай қулайлик савдо ва сервис соҳаларидан тушумлардаги улушни 50 фоизга етказиш, охирги беш йил мобайнида эса бутун тўловлар ҳажмини 3 марта ошишига шароит яратди. Таъкидлаш ўринлики, ҳозирги пайтда ҳар ойда ўртача 1,8 трлн сўмдан ортиқ товарлар ва хизматлар, шунингдек, 187 млрд сўм миқдоридаги коммунал тўловлар электрон тизимлар орқали амалга оширилмоқда.

Қайд этиш лозимки, бугунги кунда иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг бир ойда ўртача 50 фоиздан ортиғи пластикларга тушириб берилмоқда ва зарур ҳолларда, мижозларнинг талабига кўра, банк кассаларидан нақд пулда бериб борилмоқда.

Пластик карточка инфратузилмасининг кенгайиб боришидан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам манфаат топмоқда. Бугунги кунда 73 мингдан ошиқ тадбиркорлик тузилмаси ўзларининг ички хўжалик эҳтиёжлари учун товар ва хизматларни сотиб олиш ҳамда хизмат сафари харажатлари бўйича тезкор ҳисоб-китобларни амалга оширмоқдалар. Корпоратив карталар хўжалик субъектларига дам олиш кунлари ёки банк иш кунидан ташқари пайтда ҳам терминаллар орқали тўловларни амалга ошириш имконини беради.
Нақд пул муомаласини такомиллаштиришда иқтисодий ривожланган мамлакатлар тажрибаси ҳисоб-китобларни пластик карточкалар асосида амалга ошириш афзаллигини кўрсатди. Ҳисоб-китобларни нақдсиз шаклда амалга оширишга ўтиш банкларни банкноталар чоп этиш, ташиш, санаш, қоғозбозлик каби серхаражат ишлардан халос этиш, нақд пул муомаласи барқарорлигини сақлаш баробарида иқтисодиётни зарур инвестицион ресурслар билан таъминлайди, тегишли идораларнинг жисмоний ва юридик шахслар устидан назорат қилишини чеклайди.

Кези келганда айтиш ўринлики, Шимолий Америка ва Европа, Австралия ва қатор Осиё мамлакатларида пластик карточкалар инфратузилмасини кенгайтириш ҳисобига муомаладаги нақд пулларни камайтириш сиёсати юритилмоқда. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тўловларнинг электрон ҳамёнлар ёрдамида амалга оширилиши натижасида иш ҳақларининг нақд пулда берилиши тобора қисқариб бормоқда. Масалан, иш ҳақлари ҳозирги пайтда Англия ва Францияда 10, Германияда атиги 5 фоизи нақд пулда тўланмоқда.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчиларининг иш ҳақи қайдномаларини UzASBO дастуридан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатувчи банкда очилган Uzcard EMV пластик карталарига электрон шаклда юбориш имконини берувчи янги тизим яратилмоқда.

Бу сира лойиҳалар ижроси пировардида мамлакатимизда пул айланмасини янада жадаллаштириб, тўлов тизимини мустаҳкамлаб боради.