Uzcard: Электр энергияси учун тўлов Интернет тармоғи орқали тўловчилар сони кўпайди

Ўзбекистонда электрон тижорат соҳасида хизматлар сони ортиб бормоқда ва бугунги кунда Uzcard карточкалари эгалари харид ва хизматлар учун уйдан чиқмаган ҳолда Интернет тармоғи ёрдамида тўловларни амалга оширмоқдалар.

Интернет тармоғи орқали тўлов амалга оширишнинг бир қатор афзалликлари бор, булар: Интернет тармоғи мавжуд дунёнинг ихтиёрий нуқтасидан кун давомида 24 соат мобайнида, навбат кутиб турмасдан, осон ва тезкор тарзда, қўшимча маҳоратсиз, ўз ҳисоб рақамини бошқариб туриб тўлов амалга ошириш имконияти.


Интернет тармоғи ва мобил банкинг тизими орқали коммунал хизматлар учун тўловлар амалга ошириш оммавийлашмоқда, шу билан бирга-IQ-Front тизимига уланган мобил терминаллар орқали ҳам тўлаш имконияти пайдо бўлди. Жорий йилнинг беш ойи мобайнида инфокиосклар, IQ-Front терминаллари ва Uzcard мобил иловаси орқали электр энергияси учун карточка эгалари 124,8 минг транзакция амалга оширишган.