Бизнес Интернет сари интилмоқда

Ҳар қандай бизнесни оқилона ташкил қилиш унинг функционал элементлари тизимини аниқ ўйлаб чиқишни талаб қилади. Зеро айнан шулар сотув ҳажмининг ўсишини таъминлайди, хизмат кўрсатишни сифатини яхшилайди ва, шу билан бирга, бизнес жараёнларни таҳлил қилиш учун қулай шароитлар яратиш орқали иш жараёнини анчайин енгиллаштиради. Электрон бизнес (e-commerce)да бундай элементлар бир қанча ва улар бизнеснинг муваффақиятли ривожланишига жавоб беради.

Аввало Ўзбекистонда электрон бизнес ташкил қилишдан манфаатдор асосий тадбиркорлар гуруҳини ажратиб олайлик. Биринчи тоифага интернет-дўконлар очишни ихтиёр этган ёш бошловчи тадбиркорларни киритиш мумкин, чунки бизнеснинг бу кўриниши минимал маблағ талаб қилади. Бу ҳақиқатан шундай: истакка кўра, масалан, сайт яратиш ва товарларни етказиб бериш билан ўзингиз шуғулланишингиз мумкин, омборни эса уйингизда ҳам ташкил қилсангиз бўлади. Интернет-дўкон катта пул тўлаб ижарага олинадиган савдо марказларидаги биноларни талаб қилмайди, бундан ташқари, агар бундай бизнес фойда келтирмай, “жон берадиган” бўлса, оғир зарарларсиз уни ёпиш мумкин бўлади.

Иккинчи тоифа – муваффақиятли офлайн-бизнес эгалари бўлиб, улар давр ва замонавий тенденция тақозосига кўра, бизнесларининг бирор қисмини интернет-майдонга олиб чиқишга қарор қилганлар. Шубҳасиз, бундай тадбиркорлар бозорни, харидорлар эҳтиёжларини биладилар ва онлайн-савдони тўғри йўналишда ривожлантириш учун ҳеч бир муаммосиз қўшимча лойиҳалар ташкил қила оладилар. Бу тоифага йирик супермаркетларни, кийим-кечак ва маиший электроника бўйича брендланган дўконларни, ресторанлар ва ҳатто кичикроқ, етказиб бериш хизмати мавжуд кафелар ва бошқаларни ҳам киритиш мумкин.

Қайд этиш ўринлики, жаҳон тажрибасида кейинги йилларда Интернетдан харид қилиш ҳажми ортди. Масалан, Россияда эндиликда ишга яроқли аҳолининг қарийб 30 фоизи интернет-дўконларга мунтазам буюртмалар берадилар.  Кейинги уч йил ичида онлайн-харидорлар сони 2,5 баробарга ўсди. Бу ўсиш асосан энг аол харидорлар сирасига кирувчи ёшлар ҳисобига бўлмоқда. Интернет орқали харид қилинаётган энг машҳур товарлар тоифаларига маиший техника ва электроника (40 фоиздан зиёд), кийим-кечак ва пойабзал (15%), автоэҳтиёт қисмлар ва уй учун буюмлар (10%дан) киради. Ўзбекистонда сайёҳлик ва хизмат кўрсатиш, уйга фаст-фуд етказиб бериш, тантанали маросимларни уюштириш, фитнес-клубларга абонементлар сотиб олиш ва бошқа йўналишларнинг ҳам истиқболи порлоқ.

Интернетдаги сотувларнинг 40 фоизидан зиёди маиший техника ва электроникага тўғри келади.

Электрон тижорат тизими инфратузилмасининг асосий элементлари қуйидагилардир: махсус дастурий таъминоти, маълумотлар базаси ва иловаларни бошқариш тизими, телекоммуникация ва алоқа, юридик, ҳуқуқий таъминот, виртуал банк тизими ва махсус тўлов тизимлари, автоматлаштирилган омбор хўжалиги, товарлар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш тизими, маркетинг хизмати.

Махсус ДТ деганда электрон дўкон фаолиятини таъминловчи комплекс тушунилади. Унинг ичига харидорлар товар топиш, баҳолаш ва сотиб олиш имконига эга бўлган динамик контентли веб-сайт ва автоматик режимда харид қилинган товарларни тақсимлайдиган ва омборга шаклланган буюртмаларни берадиган тизимнинг савдо қисми киради.

Маълумотлар базаси ва бошқарув тизими мураккаб ва кўпдаражали маълумотлар тузилмаси бўлмиш товарлар каталогини сақлаш учун керак бўлади. Каталог, сайтнинг қидирув тизими билан бирга, товарларни тартиблашни амалга оширади. Бундай тизимни юқори даражаси бўлимлар рўйхатидан ташкил топган дарахт кўринишида тасаввур қилиш мумкин. бўлимлар қуйибўлимларни ёки муайян товарларга ҳаволаларни ўз ичига олиши мумкин ва ҳ.к.

Телекоммуникациялар, одатда, яхшигина қудратли ажратилган интернет-канал кўринишида бўлади, у веб-сайт ишлаши, онлайн-режимда буюртмаларни қабул қилиш, Skype ва бошқа мессенжерлар орқали мижозларни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлади.

Интернетда бизнес юритишнинг юридик ва ҳуқуқий асоси, биринчидан, Ўзбекистонда амалда бўлган меъёр ва қоидаларни қўллашга асосланиши лозим, бу биринчи навбатда “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонундир. Ушбу қонун яқинда янги таҳририда қабул қилинган бўлиб, тадбиркорлар учун қатор қулайликлар ва янгиликларни кўзда тутади. Масалан, қонунга мувофиқ, электрон ҳужжатлар, шунингдек, жўнатувчисини идентификациялаш мумкин бўлган электрон шаклда юборилган ахборот электрон тижоратда шахсан имзоланган қоғоз ҳужжатларга тенглаштирилади ва битим амалга оширилганининг исботи сифатида қўлланилиши мумкин. бундан англанадики, эндиликда электрон имзонинг бўлиши шарт эмас, СМС, дўконлар сайтларидаги махсус хабарномалар ва шу кабилар харид амалга оширилганлигининг исботи бўла олади.

Виртуал банк тизими ва тўлов воситалари – электрон тижоратнинг муҳим белгиларидандир. бугунги кунда Ўзбекистонда Uzcard тизимига муаммоларсиз уланиш мумкин, у махсус виртуал терминал орқали смартфон ва компбютерлар учун махсус ДТ ёрдамида савдони амалга ошириш имконини беради. Машҳур бўлиб бораётган иловалардан бири Uzcard номли, iOS ва Android платформаларида ишловчи дастур бўлмоқда. Тадбиркорлар иловада ўзларига хизмат кўрсатаётган банк орқал рўйхатдан ўтишлари мумкин. Шунингдек, илованинг ШК учун веб-талқини ҳам мавжуд. Бундан ташқари, онлайн-тўловнинг энг машҳур тизимларидан яна бири CLICK саналади, унинг ёрдамида нафақат товарлар, балки хизматлар учун ҳам ҳақ тўлаш мумкин.

Табиийки, Интернет тармоғида савдо амалга ошириш учун, юқорида айтилганидек, тегишли инфратузилмали ва товарни етказиб бериш тизимига эга омбор зарур бўлади, бошловчи тадбиркорлар омбор сифатида уйларидаги бир хонадан ҳам фойдалана оладилар. Онлайн-дўконнинг муҳим элементларидан яна бири етказиб бериш хизматидир. Йирик электрон бизнес, агар унда мавжуд бўлса, ўзининг шундай хизматидан фойдаланиши мумкин. Акс ҳолда, етказиб беришни амалга ошириш учун курьерлик компаниясини аутсорсингга ёлласа ҳам бўлаверади. Бошловчи бизнесменлар эса, фаолиятлари бошида ўзлари етказиб беришлари ёки почтадан фойдаланишлари мумкин.

 Шунингдек, бизнес-жарёнларни оптималлаштириш учун, Service Desk тизимини ўрнатиб, ишга тушириб юборган маъқул. У юз берадиган воқеаларга тезкорлик билан муносабат билдириш ва тизимлар ишидаги носозликларни тез бартараф қилиш имконини беради. Бундан ташқари, Service Desk ёрдамида мижозлардан тушаётган шикоятлар ва муаммоларни самарали ҳал қилиш мумкин. шуни унутмаслик керакки, сотувлар ҳажми ошгани ва кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайгани сари, табиийки, мижозлар томонидан шикоятлар сони ҳам ортиб боради, зеро янги сервислар 100 фоиз идеал бўла олмайди. Бунда истеъмолчиларнинг ўзлари ҳам номақбул ҳолатларни аниқлашда жуда яхши рдамчи бўла оладилар. Айнан шу сабабли ўзи ичига call-марказни ҳам олган, оқилона ташкил этилган мижозларга хизмат кўрсатиш тизими е-бизнесни юритишда жуда муҳим саналади.

Интернет тармоғидаги савдо амалиётларининг  хавфсизлигига тўхталадиган бўлсак, қайд этиш лозимки, Uzcard таклиф этадиган мобил илова орқали тўлов усули мутлақо хавфсиздир, чунки фойдаланувчи ҳақидаги иловага киритилган барча ахборот шифрланган кўринишда сақланади ва алоқа каналлари орқали юборилади.

Uzcard ва CLICK таклиф этадиган мобил илова орқали тўлов усули мутлақо хавфсиздир, чунки фойдаланувчи ҳақидаги иловага киритилган барча ахборот шифрланган кўринишда сақланади ва алоқа каналлари орқали юборилади.

Ўзбекистонда электрон тижорат, шубҳасиз, катта истиқболга эга. Ҳар йили Интернетдан фойдаланувчилар сони ошиб бормоқда, Uzcard миллий тўлов тизими ривожланмоқда ва такомиллашмоқда, халқ истеъмоли моллари етказиб берувчи маҳаллий компаниялар тобора кўпаймоқда.

Ҳозирда глобал тармоқнинг ўзбек сегментида Uzcard карточкалари соҳиблари фақат уяли алоқа ва Интернетга уланиш учун ҳақ тўлаш билангина кифояланиб қолмаганлар. Кўплаб онлайн-дўконлар ва хизмат кўрсатувчилар ўзларининг виртуал эшикларини очганлар. Улар сирасига озиқ-овқат, кийим-кечак, техника, парфюмерия, хўжалик моллари ва ҳатто мебель таклиф қилувчи  Esavdo.uzUzbekmarket.uzErkatoy.com,Carnaval.uzVulkantrade.uzDekos.uzPrazdnik.uz кабилар киради.

Бундан ташқари, электрон бизнес юритишнинг жаҳон тажрибасига асосланиб айтиш мумкинки, Интернет тармоғида дўкон очиш ёки хизматлар кўрсатиш нафақат тажрибали мутахассислар, балки бошловчи тадбиркорлар учун ҳам реал даромад манбаидир.