Пластик карталар орқали терминалларда тўловлар амалга оширишнинг афзалликлари!

Ҳар қандай пластик картанинг асосий афзаллиги – ўз маблағингиздан кечаю кундуз фойдалана олиш ва реал вақт ўлчамида ўз ҳаражатларнингизни назорат қила олиш имкониятидир. Пластик карталарнинг кундалик ҳаётда қўлланилиши кўплаб фуқароларга нақд пулсиз шаклда  товар ва хизматлар учун чекловлардан ҳоли ва ҳотиржам тўловларни амалга оширишлари учун шароит яратади.

Биргина савдо тармоғи, ресторан ва кафеларда тўловни банк пластик карталарида амалга ошириш тартиби жуда қулай ва қониқарли даражада самаралидир.

Шу борада, сўнгги пайтларда кўплаб савдо шохобчалари, катта супермаркетлардан тортиб кичик савдо дўконларида, автомобилга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, ресторанлар ва тез овқатланиш жойларида POS-терминалларини ўрнатиш тенденцияси авж олиб бормоқда. Тадбиркорлар, савдо шохобчалари эгалари учун ушбу терминални ўрнатиш ҳеч қандий салбий оқибатни келтириб чиқармайди. Ўрнатилган POS-терминал банк мулки ҳисобланади, агар терминал яроқсиз ҳолга келса ва бунинг оқибатида ҳисоб-китобдаги пул тушими амалга ошмай қолса, ушбу ҳолатни бартараф қилиш банк мажбурияти ҳисобланади. Агар иш давомида амалга оширилаётган транзакцияларда барча талаблар тўғри бажарилса, белгиланган тартибда чек расмийлаштирилса, биринчи навбатда кассир ва сўнгра савдо шохобчаси эгаси пул маблағларни қабул қилишда ноқонуний ҳатти-ҳаракатлардан бутунлай ҳоли бўладилар. 

Бугунги кунга келиб, савдо шохобчаларида ўрнатилган POS-терминаллар юқори даражадаги ишончлилиги билан ажралиб туради ва ишлаш жараёнида катта ҳажмдаги иш юкламасини уддалай олади. Терминал билан ишлашда содир бўладиган биргина муаммо – савдо тармоғи, дўкон ёки кафе ходимининг ушбу техник восита билан ишлашда етарли малакага эга эмаслигидир. Тизимдаги носозлик эса фақатгина онлайн боғланишдаги узилишлар бўлганда ва картадан маълумотлар қабул қилиб олиш тартиби бузилган ҳолатларда содир бўлиши мумкин.

POS-терминаллардан савдо айланмасида фойдаланиш афзаллиги шу қадар аёнки, у мутлақо кўшимча рекламага муҳтож эмас. Терминалдан фойдаланишдан савдо айланмасининг ҳар уч иштирокчиси хам манфаатдор бўлади. Агар банк савдо тармоғида терминалдан фойдаланиб ўз мижозлари сонини кўпайтирса, савдо шохобчалари эгалари сотиб олинган товар учун банк карталаридан тўловни амалга ошириш истагидаги қўшимча харидорлар оқимига эга бўладилар.

Карта ёрдамида товар ва хизматлар учун тўловнинг тезкор амалга ошиши – бу терминалларга эга бўлишнинг асосий афзаллиги.