Пулни картада сақлашнинг бир нечта сабаблари

Пластик картага эгалик қилувчиларнинг сони йил сайин эмас, балки кун сайин тобора кўпайиб бормоқда. Агар авваллари уйда пул маблағлари совутгичда, матрас остида, ёстиқ тагида, кийимларда ва ҳатто тасаввурингизга хам сиғмайдиган жойларда сақланган бўлса, эндиликда мамлакатимизнинг кўплаб фуқаролари тежалган пулни бир қисми ёки ҳаммасини ўзларининг пластик карталарида сақлашни афзал кўрмоқда. Зеро, бу автоматлашган ва хавфсиз жараён. Биз нима учун кўпчилик “пластик”дан фойдаланишни афзал кўришининг асосий сабабларини аниқладик.

№ 1 – Сабаб: мустаҳкам ҳамён

Нақд пулни хавф-хатар деярли ҳар қадамда таъқиб қилади: купюралар ўғирланиши, йўқотилиши мумкин... Агар бу ҳолат карта билан рўй берса, унинг эгаси ҳеч қандай зарар кўрмайди: банк билан боғланиш, картани блоклаш ва янгисига буюртма беришнинг ўзи кифоя қилади.

№ 2 – Сабаб: исталган жойдан туриб фойдалана олиш

Харидни карта орқали амалга оширишга одат қилганлар ўзи билан “пачкалаб” пулни олиб юришга эҳтиёж сезишмайди. Мамлакатимизнинг исталган қисмидаги деярли ҳар бир дўкон POS-терминал билан жиҳозланган, бу куннинг исталган қисмида пластик карта билан товар харид қилиш ёки хизмат учун тўловни тез ва қулай амалга ошириш имконини беради.

 

№ 3 – Сабаб: қўшимча даромад ёки ўша пулга кўпроқ товар

Пластик картадан фойдаланиш орқали банклар томонидан ўз мижозлари учун амалга оширилаётган садоқатлилик(лояллик) дастурлари доирасида қўшимча бонусларга эга бўлиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2016 йил 1 мартда тасдиқланган тариф режасига кўра, пластик карта қолдиғига ҳисобланадиган фоиз жорий йил учун белгиланган МБ қайта молиялаш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда бўлади.

№ 4 – Сабаб: ҳаражатлар назорат остида

Оилавий бюджет ҳаражатларини кузатиб бориш учун нақд кўринишдаги ҳаражатларни доимий ёзиб бориш керак. Карта билан эса бундай муаммо юзага келмайди: карта эгаси исталган пайтда онлайн-сервис ёрдамида ёки СМС-хабар бериш хизматини  ёқиш орқали ҳаражатларнинг тўлиқ кўчирмасига эга бўлиши мумкин.

Пластик карталар – банкларнинг жудаям қулай хизмати. Пулни банк карталарида сақлаш ҳозирги кунда энг хавфсиз жой ҳисобланади. Барча тежалган пуллар ёстиқ остида сақланадиган замонлар аллақачон ўтиб кетди.