Карта ҳисоби карта рақамидан нимаси билан фарқ қилади?

Ҳозирги кунда тўловни амалга ошириш ёки ҳисобни тўлдириш учун банкка мунтазам равишда боришга вақт хам имконият хам етарли эмас. Шуни инобатга олган ҳолда, банклар бизга операцияларни амалга ошириш имконини берувчи пластик карта ҳисобларини таклиф қилишмоқда, бу эса бизни доимий банкка қатнашдан халос этади. Пластик карта ёрдамида биз шу пайтнинг ўзида дўконда харидларимиз учун ҳисоб-китоб қилишимиз ёки кўрсатилган хизмат учун тўловни амалга оширишимиз мумкин. Шунинг учун, ҳар биримизнинг ҳамёнимизда пластик карта бор, эҳтимол, бир нечта карта бор. Келинг карта ҳисоби карта рақамидан нимаси билан фарқ қилишига ойдинлик киритамиз.

Пластик картани расмийлаштириш билан бир пайтда мижозга ушбу пластик картага боғланган карта ҳисоби хам очилади. Ушбу карта ҳисоби – сизнинг пулингиз келиб тушадиган ва сақланадиган жой ҳисобланади.

Карта номери – пластик карта устига туширилган 16та сондан иборат рақам. Ушбу рақам фақатгина муайян пластик картанинг кўрсаткичи бўлиб, ундан пул ечиш ёки ҳисобни тўлдириш каби операциялар амалга оширилади, карта ҳисоби эса банк ҳисоби бўлиб, унда пул сақланади.

Карта ҳисобининг карта рақамидан нимаси билан фарқ қилишига мисоллар:

  1. Биргина карта ҳисобига турли хил карта рақамлари билан бир нечта пластик карталарни боғлаб қўйиш мумкин. Одатда бундай қўшимча карталардан оилавий фойдаланилади: эри, хотини, фарзандлари. Яъни, пул тушадиган ҳисоб битта, мисол учун – эрининг маоши, ушбу ҳисобдаги пулдан ҳар бир оила аъзоси шахсий картаси орқали фойдалиниши мумкин.
  2. Худди шу схема корпоратив картадан корпоратив ҳаражатлар қилинганда хам кузатилади, компания ҳисоби битта бўлишига қарамасдан, ҳар бир ходим белгиланган лимит доирасида ўз картасига эга бўлади.
  3. Одатда ҳар бир пластик карта бир йилдан уч йилгача бўлган амал қилиш муддатига эга бўлади. Муддат тугаши билан, эски карта ўрнига янги карта рақами билан бошқа карта расмийлаштириш мақсадида банкка мурожаат қилишингиз мумкин ва бу ҳолатда мавжуд банк ҳисоби ўзгармай қолади.

Маъжозий маънода карта бу унинг ортида пулингиз сақланаётган эшикнинг калити, бу калитни алмаштириш, нусхасини кўпайтириш, йўқотиш, бошқа шахсга бериш, синдириш ва ҳ. қилиш мумкин, лекин карта ҳисоби бу эшик ортидаги хонадир.