Дунё мамалакатлари қай тариқа нақд пулсиз тўловлар тизимига ўтмоқда

Жаҳонда нақд пулсиз тўловларнинг иккита асосий драйвери мавжуд банклар ва операторлар

Жаҳонда товарлар ва хизматлар учун нақд пулсиз тўловларга ўтиш тенденцияси кузатилмоқда. Интернет-хизматлар нақадар шиддатли ва кенг миқёс ҳамда кўламларда тараққий этиб бораётгани инобатга олинса, ушбу ҳолатдан ажабланишга ҳожат қолмайди. Муайян мамлакатлар нақд пулли тўловлар тизимидан тез ва безиён воз кечса, бошқалари – консерватив қарашлар сабабли бундан чўчийди ва бу борада сусткашликка йўл қўяди. Мазкур мақолада жаҳон мамлакатларида нақд пулсиз тўловлар қай йўсинда бозорлардан ўзининг муносиб ўрнини эгаллаётгани хусусида сўз юритилади.

Тенденциялар

Жаҳонда нақд пулсиз тўловларнинг иккита асосий драйвери мавжуд банклар ва операторлар.

Банк иловалари ва сервисларининг позициялари АҚШ, Канада, Европа давлатлари сингари юқори даражада ривожланган мамлакатларда аввалдан тахмин қила олиш мумкин бўлган даражада кучлидир. Нақд пулсиз тўловлар тизими оммалашган ҳар бир давлатда ўзига хос сабаблар ва тарихий жараён мавжуд. Бироқ ҳамма жойда натижа ягона, яъни транзакциялар, фойдаланувчилар, воситалар сонида фақатгина ўсиш қайд этилган. 

Швеция

Швеция – ҳаёт даражаси бўйича рейтингларда юқори ўринлардан муқим жой эгаллаган энг ривожланган Европа мамлакатларидан биридир. Ушбу давлатда банк, нақд пулсиз тўлов тизими ва бутун мамлакат бўйлаб уларни қабул қилувчи терминаллар тармоғи ҳамда барча соҳаларда билвосита тўловларни амалга оширишга мўлжалланган сервислар яхши ривожланган. Ҳатто шаҳар кўчаларидаги бошпанасиз кишилар учун ҳам нақд пулсиз транзакцияларни амалга оширишда ҳеч қандай мураккаблик кузатилмайди.

Барчаси қандай тартибга солинган

Мамлакатда нақд пулсиз тўловларни ҳаракатга келтирувчи асосий куч – Swish иловаси бўлиб, унинг аккаунти мамлакат аҳолисининг 40 фоизида мавжуд. Сўнгги йилда мазкур илова орқали 9 миллион транзакция амалга оширилган. 
Swish Швециянинг асосий банклари томонидан ишлаб чиқилган. У пулни бошқа абонент ҳисобига шунчаки унинг телефон рақами ва маблағ миқдори кўрсатилган ҳолда ўтказишга имкон яратади.

Нақд пулсиз тўлов тизимига фақатгина йирик савдо шохобчаларигина ўтган эмас. Швецияда банк картаси ёки мобиль иловасиз жамоат транспортига чипта сотиб олиш ҳам маҳол. Кичик савдо шохобчалари арзимаган нарсани сотиб олиш пайтида нақд пул қабул қила олмасликларини рўкач қилиб, харидни амалга оширишни рад этишлари мумкин. Хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари нақд пул тўловларини қабул қилишни дастлаб рад этгани ҳолатлари маълум, бироқ яна ушбу амалиётни жорий қилганлар. Бироқ бу умумий тенденцияга путур етказмайди, яъни Швеция аҳолиси нақд пул билан овора бўлиб қолмасликни афзал кўради.

Дания

Дания нақд пулсиз мамлакатга айланишни мўлжалламоқда. 2015 йилдан буён бу борада сўз юритиб келинмоқда. Умуман олганда, Шимолий Европадаги барча мамлакатларда вазият бир қадар ўхшаш – уларда тўловларни электрон оламга ўтказиш учун етарли инфратузилма мавжуд. 2012 йилда Данияда карталар ва электрон ҳамёнлар ҳиссасига умумий транзакцияларнинг 84,2 фоизи тўғри келган. 2013 йилда Даниянинг энг йирик банки – Danske Bank  MobilePay иловасини жорий этди. Потенциал фойдаланувчилар бундай ечим шаклига руҳий ва технологик жиҳатдан аллақачон тайёр эди. Биринчи кунданоқ MobilePay 25000 фойдаланувчи томонидан юклаб олинди. Ҳозирда илова фойдаланувчилари сони 3 миллион нафарни (Дания аҳолиси – 5,7 млн.) ташкил этади.

Манба: http://ubr.ua

ЯУПМ PR-хизмати таржимаси