Саволлар ва жавоблар

Ҳар жума кунлари  www.uzcard.uz сайтида бизга келаётган саволларга жавобларни тақдим этамиз. Йўллаётган саволларингиз учун миннатдормиз. Ҳар бир савол, ўз навбатида, бизга камчиликларни бартараф этиш ҳамда хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини оширишга ёрдам бермоқда.

Саволларингизни  This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.  электрон почта манзилига юборишингиз мумкин.

Савол-жавоб:

1. Нима учун аксарият дўконларда DUET карталари қабул қилинмаяпти?

Ушбу дўконларнинг терминалларида DUET тизимидаги карталарга хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган савдо картаси мавжуд эмас. Шу сабабли савдо тармоқлари ходимлари эски намунадаги (DUET) карталарга хизмат кўрсатишни рад этади. Ҳозирги пайтда, онлайн тизимида ишлаётган карточкалар сони тезлик билан ўсиб бормоқда. Аслида республикамиздаги барча банклар онлайн режимида ишлайдиган карточкаларни эмиссия қилмоқда ва яқин даврда офлайн режимидаги пластик карточкалар муомаладан чиқиб кетади.

2. DUET пластик карточкаларини Online режимида ишлайдиганларига алмаштириш жараёни қай тарзда амалга оширилади?

DUET пластик карточкаларини Online режимида ишлайдиганларига алмаштириш учун хизмат кўрсатувчи банкка тегишли ариза билан мурожаат қилиниши керак. Ушбу жараёнда DUET картасида қолган пул маблағлари фойдаланиш учун янги картага ўтказилади.

3. Банкда DUET пластик карточкаларини Online режимида ишлайдиганларига алмаштириб бериш ҳақида мурожаат қилинганда, карточкалар йўқлиги айтилиб, рад этилганда нима қилиш керак? Нима учун банклар эскирган DUET карталарини янги намунадаги карточкаларга алмаштиришга шошилмаяпти?

Ҳақиқатан, пластик карточкаларга нисбатан талаб ўта юқори бўлгани сабабли банкларда барча хоҳловчилар учун тақдим этиш учун етарлича карталар мавжуд бўлмаслиги мумкин. Бироқ ушбу ҳолат одатга кўра, узоқ давом этмайдиган жараён. Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази DUET платформасидан тез фурсатларда Online тизимига ўтиш учун барча банклар билан ҳар томонлама ишлар олиб бормоқда. Айни пайтда, аксарият банкирлар Online платформадан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида яхши тушунчага эгадирлар. Фикримизча, агарда банк DUET карталарини Online режимида ишлайдиганларига алмаштиришни рад этса ёки алмаштириш жараёнини имкон қадар секинлаштиришга интилаётган бўлса, бу қуйидагилардан далолат беради:

- банк ходимларининг лаёқатсизлиги ва нопрофессионаллиги
- эскирган DUET платформаси ҳимоя тизими камчиликларидан фойдаланувчи банк ходимларининг ғаразли манфаатлари, улар нолегал даромаддан ажралиб қолишни асло истамайди.

Мақолаларимизнинг бирида хабар берганимиздек, “DUET” карталаридаги пул маблағлари ҳақидаги қайд бевосита картанинг ўзида сақланади ва технологик жиҳатдан молия муассасалари серверлари томонидан Online режимида ҳеч қандай назорат қилинмайди. Бу эса фирибгарларга карталарни бузиш ва тасдиқланмаган маблағларни киритиш ёки ҳаражатлар ҳисобига қўшиш учун улкан имкониятлар яратади.

Сизга хизмат кўрсатувчи банкка янги намунадаги картани чиқариш бўйича қайта мурожаат қилишни тавсия этамиз. Шунингдек, барча “DUET” карталари эгаларига  эскирган offline карталарни хавфсиз Online карталарига алмаштириш бўйича зарур чораларни кўриш ва шу аснода offline технологиялар даври интиҳосини тезлаштиришни тавсия қиламиз.