ЯУПМ ҳамкорлар билан электрон ҳужжат айланиши тизимидан фойдаланмоқда

Компанияларнинг кундалик фаолиятида ахборот технологияларининг татбиқ этилиши  бизни иш юритишнинг одатга айланиб қолган жараёнлари ва усулларидан борган сари узоқлаштириб, уларга янгича ёндашишга ундамоқда.

Ҳар қандай компания – энди иш бошлаётганидан тортиб, ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб улгурганига қадар замон билан ҳамнафас қадам ташлаши зарур. Энг аввало, бу янги бизнес ғояларни қабул қила олиш салоҳияти демакдир. Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (ЯУПМ) электрон тўлов тизими соҳасидаги профессионаллар фаолият юритувчи илғор ва технологик компания ўлароқ, республикамизда биринчилардан бўлиб, ўз ҳамкорлари билан юридик жиҳатдан аҳамиятли ҳисобланган ҳужжатлар алмашинуви бўйича ислоҳотларни бошлади.

Компаниялар ўртасида электрон ҳужжат алшинуви тизимининг ноёблиги шундаки, Интернет глобал тармоғи орқали саноқли сонияларда ҳужжатлар билан алмашиниш имконияти мавжуд. Ушбу электрон ҳужжатлар имзоланган ва томонларнинг муҳрлари билан мустаҳкамлаб қўйилган анъанавий қоғоз ҳужжатлар билан бир хил юридик кучга эгадир.

Умуман, бизнинг мамлакатимизда электрон ҳужжат айланиши тизимига ўтиш мавзусида илк маротаба сўз юритилаётгани йўқ. Бир неча йилдан буён тадбиркорлар электрон рақамли имзолар (ЭРИ) билан тасдиқланган электрон ҳисоботлар ва бошқа маълумотларни қулай шаклда солиқ органларига юбориб келмоқда.

Таъкидлаганимиздек, ҳужжатлар билан электрон шаклда ишлаш имконияти бизнинг мамлакатимизда принципиал жиҳатдан қандайдир янгилик саналмайди. 2003 йилдаёқ Ўзбекистон Республикасининг “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги 562-II-сон Қонунида айтиб ўтилганидек, айни бир вақтнинг ўзида муайян шартларга риоя этилган тақдирда электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзо қоғоз ҳужжатга қўлда ўзи қўйган имзо билан бир хил аҳамиятга эгадир. Муштарак айтганда, ушбу қонун ЭРИдан фойдаланиш регламентини белгилайди. Айни пайтда, унинг ёрдамида электрон шаклдаги ҳужжат юридик жиҳатдан аҳамиятга эга дея ҳисобланиши мумкин.  

Юридик жиҳатдан аҳамиятли ҳисобланган ҳужжат айланиши соҳасидаги қонун ижодкорлиги борасида давлат томонидан фаоллик кўрсатилиши сабабли ундан фойдаланиш, чин маънода, самара ва фойда бермоқда. Шу муносабат билан яқин истиқболда республикамизда мазкур соҳа ривожланишига умид боғлашимиз мумкин.

ЯУПМ ўз ҳамкорлари билан электрон ҳужжат айланиши тизими бўйича “Faktura.uz” портали хизматидан фойдаланади.

 

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази
PR-хизмати