Саволлар ва жавоблар

Ҳар жума кунлари  www.uzcard.uz сайтида бизга келаётган саволларга жавобларни тақдим этамиз. Йўллаётган саволларингиз учун миннатдормиз. Ҳар бир савол, ўз навбатида, бизга камчиликларни бартараф этиш ҳамда хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини оширишга ёрдам бермоқда.

Саволларингизни This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.  электрон почта манзилига юборишингиз мумкин.

Савол-жавоб:

1. Uzcard Online пластик карточкалари қандай афзалликларга эга?

Янги намунадаги (Online) пластик карточкалар бир қатор афзалликларга эгадир. Жумладан, ундаги СМС-хабарнома хизмати ҳисобингиздаги барча маблағлар ҳаракатини назорат қилиб боришга имкон яратади. Шунингдек, картага маблағларнинг автоматик тарзда юкланишини таъкидлаш жоиз. Ушбу масалада карта эгасининг доимий равишда банк ёки инфокиоск/банкоматларга мурожаат қилишига ҳожат қолмайди. Қолаверса, ҳар бир Uzcard Online пластик карточкаси фақатгина эгасигагина маълум бўлган тўрт белгили индивидуал ПИН-код билан ҳимояланган. У картани бошқа шахслар томонидан фойдаланилиши эҳтимолини бартараф этади.

2. СМС-хабарнома нима учун керак?

СМС-хабарнома хизмати ёрдамида пластик карточкалар эгалари мобил телефонларига  зудлик билан амалга оширилган операциялар ҳақида маълумот (СМС-хабарлар шаклида) қабул қилишлари ва шу тариқа ўз пул маблағлари ҳолатини назорат қилишлари мумкин. СМС-хабарнома мамлакатимиздаги уяли алоқа операторлари мобил телефонлари орқали тақдим этилади. Қолаверса, СМС-хабарнома хизматига уланмасдан электрон тижорат иштирокчисига айланиб бўлмайди. СМС-хабарнома хизматига уланган карталаргина Интернет тўловларни амалга ошириши мумкин.

3. СМС-хабарнома қандай имкониятларни тақдим этади?

Карта орқали товарлар ва хизматларга тўлов амалга оширилиши жараёнида банк картаси эгаси мобил телефонига амалга оширилган операция ва карта ҳисобида мавжуд маблағлар ҳақида маълумот бўлган СМС-хабар юборилади. Шунингдек, пул маблағлари келиб тушган ҳолатларда ҳам банк картаси эгасининг мобил телефонига тегишли СМС-хабар жўнатилади. СМС-хабарнома хизмати картадан фойдаланиш хавфсизлигини сезиларли даражада кўтаришга имкон яратади. Чунки, фойдаланувчи ҳар доим  карта билан амалга ошириладиган операциялар ҳақидаги энг янги маълумотларни мазкур операциялар амалга оширилган пайтнинг ўзидаёқ қабул қилади ҳамда шубҳали операциялар ҳақида маълумот олинган пайтда, тезликда банк билан боғланиб, картани блокировка қилиши мумкин.