Нақддан воз кечиш: мамлакатлар пул босиб чиқаришни тўхтатмоқда

Асосан Скандинавия мамлакатларида жадаллик билан нақддан воз кечилмоқда. Bloomberg нашри маълумотларига кўра, Дания марказий банки пул банкноталарини босиб чиқаришни тўхтатган ва декабрь ойи якунига қадар ўзининг сўнгги зарбхонасини ёпишни мўлжалламоқда. Нақдни муомаладан тўхтатишни фақатгина Дания эмас, шунингдек, Швеция ва Норвегия ҳам истайди ва бу борада ҳаракатларни бошлаган. Европа марказий банки, Венесуэла ва Ҳиндистон ҳам муомаладан нақднинг ҳажмини камайтиришга интилмоқда. Бу, айниқса, фирибгарлар кўп фойдаланадиган юқори номиналдаги банкноталарга тегишлидир. 

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 9 ноябрида Ҳиндистон ҳукумати 500 ва 1,000 номиналли рупий купюраларини муомаладан чиқарди. Мазкур ташаббус солиқларни тўлашдан бош тортиш ҳолатларига қарши курашиш ва “қора бозор”ни бартараф этиш мақсадларига қаратилган эди.

Мамлакат бош вазири Нарендра Модининг йил якунига қадар 500 ва 1,000 номиналли  рупийларни банкларга топшириш ҳақидаги баёноти аҳолини қўққисдан гангитиб қўйди ва уларнинг 40 фоизи учун ҳақиқий синовга айланди. Чунки, уларнинг банкинг хизматидан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас.

Муомаладан чиқариладиган купюралар Ҳиндистондаги барча купюраларнинг 86 фоизини ташкил қилади.

Аксарият мамлакатлар доимий равишда нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтиб бормоқда. Бироқ cashless-пойганинг (нақд пулни муомаладан чиқаришга қаратилган пойга) шубҳасиз етакчилари Скандинавия мамлакатларидир. Bloomberg нашрининг қайд этишича, Дания ва Швеция – муомалада нақд пулларнинг ҳиссаси энг паст даражада бўлган мамлакатлардир.

Нақддан воз кечишнинг асосий сабаблари:

– фирибгарликка қарши кураш;

– тўловларга хизмат кўрсатиш жараёнидаги чиқимларни қисқартириш;

– мерчантларнинг нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтишга хоҳиш билдириши.

 

ЯУПМ PR-хизмати
таржимаси

Манба