Deloitte 44 та молиявий технологиялар марказларини эълон қилди

Deloitte глобал молиявий технологиялар ҳолати ва ривожланиш тенденциялари ҳақидаги ҳисоботни чоп этди

Deloitte компанияси “Connecting Global Fintech: Interim Hub Review 2017” ҳисоботини чоп этди. Мазкур ҳисоботда дунё миқёсидаги 44 та шаҳарда молиявий технологиялар (финтех) ҳолати ва ривожланиш тенденциялари таҳлил қилинган.

Ушбу йилда Deloitte ўтган йилга 20 та марказга яна 24 та қўшиб, молиявий технология секторида бизнес очишнинг қулайлиги жиҳатини ҳам инобатга олган ҳолда олтита мезон асосида таҳлилни амалга оширди. Лондон ва Сингапур финтех стартапларни жорий қилиш бўйича энг яхши шаҳарлар сифатида тан олинди. Улардан сўнг Нью-Йорк, Силикон водийси ва Чикаго ўрин эгаллаган.

Мазкур ҳисобот муаллифларининг фикрича, ҳозирги пайтда глобал миқёсда финтех йўналиши изчил тараққий этиши асносида анъанавий банкинг ва стартаплар ўртасида ҳамкорлик бир қадар яқинлашди.

Ҳисоботда Европанинг 20 та шаҳри финтех-интилишлари таҳлил қилинган. Мазкур шаҳарларнинг барчаси малакали кадрлар ҳисобига эътиборга тушган. Бироқ бир неча давлатлар – Буюк Британия, Россия, Швейцария ва Норвегия – “регулятив қумдонлар” (Бу молиявий маҳсулотлар ва хизматлар ишланмалари билан шуғулланувчи компанияларга маҳсулотларни назорат қилинадиган муҳитда молиявий қонунчиликни бузмаган ҳолда синовдан ўтказиш имконини яратувчи режимдир) яратганлар. Фақатгина айрим мамлакатлар регуляторлари дунёнинг бошқа мамлакатлари регуляторлари билан финтех ҳамкорлик  ўрнатганлар.

Осиё тинч океани ҳудуди ва Ўрта Шарқда  молиявий технологиялар ҳукумат томонидан энг кўп қўллаб-қувватланадиган соҳадир. Африкада аксарият финтех-лойиҳалар мобил ва ижтимоий тўловларга йўналтирилгандир.

Шимолий Америкада молиявий технологиялар соҳасида энг ривожланган марказлар Силикон водийси, Нью-Йорк, Шарлотт ва Торонто экани қайд этилди.

Экспертлар Сингапурни “Финтех соҳасидаги етакчи мақомида Лондонга жиддий рақабатчи сифатида” қарамоқдалар. Сингапурда финтех-лойиҳаларни ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши 225 млн. долларга баҳоланмоқда.

Ҳозирда Хитой  финтех-секторда битимлар ҳажми бўйича 7,7 млрд. доллар кўрсатикичи билан етакчи мақомини эгаллаб турибди. Молиявий технологиялар бўйича глобал марказлар тўғрисидаги кенгайтирилган ҳисобот жорий йилда, кейинроқ эълон қилинади.

Манба