POS-терминаллар орқали тезкор коммунал хизматлар тўлови

UZCARD Банклараро тўлов тизими ташаббуси билан POS-терминаллар орқали тезкор коммунал хизматлар тўловини амалга оширишга мўлжалланган IQFront тизими 2014 йилдан буён анчайин самарали ишлаб келмоқда. Фақат 2017 йилнинг биринчи чораги натижаларига кўра, IQFront  тизими бўйича амалга оширилган транзакциялар сони 11640 тани ташкил қилган бўлса, транзакцияларнинг умумий суммаси 4 миллиард 696 миллион сумдан ортиқроқ экани қайд этилди.

Айтиш жоизки, мазкур йиллар давомида Ягона Умумреспублика Процессинг маркази мутахассислари томонидан IQFront мажмуавий дастурини ишлаб чиқиш ва созлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Ҳозирги кунга келиб, 51 та POS-терминали коммунал хизматлар учун тўлов амалга ошириш мақсадида IQFront тизимига уланган. Айни пайтда, истеъмолчилар мобил POS-терминаллар ёрдамида табиий газ учун тўловни амалга оширишлари мумкин. Бошқа хизматларни ҳам таклиф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу, шунингдек, тегишли ташкилотларнинг биллинг тизимлари мазкур хизматлардан фойдаланишга қанчалик тайёрликларига ҳам боғлиқ.

Ушбу тизимни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга нима туртки бўлганди? Сир эмас, авваллари терминал ёрдамида пластик карталар воситасида коммунал хизматлар учун тўловни амалга оширишда истеъмолчи ҳисоб рақамига пул ўтказиш учун операторларга квитанция ва чекни кўрсатиш талаб этиларди. Бунинг оқибатида тегишли хизматга уланиш анча вақтни оларди. Бундай услубда ишловчи тўлов тизими истеъмолчи учун қатор ноқулайликлар туғдирар эди.

IQFront мажмуавий дастури пул маблағларининг уй-жой коммунал хўжаликлари инспекторлари мобил терминалларидан тезкор равишда коммунал хизматлар биллинг тизимига кўчирилишини кўзда тутади. Муаммонинг бундай ечими тўловлар жараёнидаги тўхталиш ҳолатларини бартараф этади ва пул маблағлари истеъмолчининг ҳисоб рақамига тушиши заҳотиёқ уй-жой коммунал хўжаликлари хизматлари кучга киришини таъминлайди.   

 

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази
PR-хизмати