Пластик карталар ишлаб чиқариш 2017 йилнинг биринчи чорагида 15 фоизга ўсди

Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда 82 мингта пластик карта ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 15 фоиз кўпроқдир. 2016 йилнинг биринчи чорагида республикамизда ишлаб чиқарилган карталарнинг умумий сони 71 мингтани ташкил этган эди.

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (ЯУПМ) маълумотларига кўра, 2017 йилнинг биринчи чораги мобайнида банк пластик карталаридан фойдаланилган ҳолда, пировардида 14,7 триллион сўмлик 245 мингта транзакция амалга оширилган. Ушбу ҳолат умумий транзакциялар сони (19,2%) билан бирга, транзакциялар суммаси (47,7%) ҳам ортганидан далолат беради. Жумладан, ўтган йилнинг мос даврида умумий транзакциялар сони 180 мингтани, транзакцияларнинг умумий суммаси эса 10 триллион сўмни ташкил қилган эди.

Электрон тижорат бўйича хулосавий маълумотларга қараганда, 2017 йилнинг биринчи чорагида e-commerce билан алоқадор транзакциялар сони 86,5 миллионтани ташкил қилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан  78 фоизга қўп экани эътироф этилган. Яъни, ҳисобот даврининг бир йил аввалги кўрсаткичларида 49 миллионта  транзакция қайд этилган эди. Электрон тижорат бўйича транзакцияларнинг умумий суммаси 2017 йилнинг биринчи чорагида 16 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос давридаги 8,5 триллион сўмга нисбатан 88 фоизга ўсишни қайд этди.

“Ўзкарт” БТТ фаолияти якунларига кўра, 2017 йилнинг апрель ойи давомида DUET (“оффлайн”) карталари орқали амалга оширилган банклараро транзакциялар сони ва умумий суммаси  бутун тизим бўйича транзакцияларнинг умумий ҳажмида 0,7 фоиз ва 0,5фоиз, UZCARD EMV (“онлайн”) карталари бўйича транзакциялар улуши эса – мувофиқ равишда 99,3 фоиз ва 99,5 фоиз кўрсаткичларини қайд этди.

Шу тариқа, “Ўзкарт” тўлов тизимининг “оффлайн” платформадан “онлайн”га ўтиши қарийб ниҳоясига етди. 

 

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази
PR-хизмати