Жанубий Кореяда дунёдаги илк кафт ёрдамида амалга ошириладиган тўлов тизими тақдимоти бўлиб ўтди

Lotte Card компанияси кафтни скан қилиш ёрдамида тўловлар жараёнига ишлов берувчи биринчи тизимни тақдим этди.

Hand Pay янги тўлов усулининг тақдимоти Сеул шаҳрида бўлиб ўтди. У мижозларга кафтдан идентификация усули сифатида фойдаланиб, тўловларни амалга оширишга имкон яратади. Бу дунёдаги биринчи биотўловлар сервиси бўлиб, у харидни амалга ошириш учун инсон танасига ато этилган ноёб маълумотдан фойдаланишга имконият туғдиради.

Hand Pay тўловларни амалга ошириш қулайлигини энг юқори даражада таъминлайди. Чунончи, бунинг учун мижозларга на кредит карталари ва на смартфонлар керак бўлади. Тизим фойдаланувчининг кафт сканини рўйхатдан ўтказади ва қабул қилинган маълумотларни Lotte Card ва Корея молиявий телекоммуникация ва клиринг институти томонидан бошқарилувчи алоҳида серверларга тақсимлайди. Ҳатто муайян бир сервердаги маълумотлар ўғирланган ҳолатда ҳам мазкур маълумотлар тўлиқ бўлмагани сабабли бузғунчиларга ҳеч бир наф келтирмайди.

Мижоз тўлов учун шунчаки кафтини сканерга тутади, яқиндаги инфрақизил диапазон нури эса кўктомирнинг ноёб нақшсимон чизиқларини ўқиб қайд этади.

Компания Hand Pay сервисини кенгайтириш ва Кореянинг бир неча чакана савдо тармоқларида ташкил қилишни режалаштирмоқда.

Манба