Глобал муомаладаги тўлов карталарнинг миқдори эълон қилинди

 2022 йилга келиб глобал ҳажмда ишлаб чиқариладиган тўлов карталарнинг миқдори 17 млрд. гача ошади, ўтган йили бу кўрсаткич 14 млрд. ни ташкил этган эди.

 Ушбу маълумотларни  RBR консалтинг компанияси яқин кунларда чоп қилган «Global Payment Cards Data and Forecasts to 2022» ҳисоботида келтирди.

 Ҳисоботга кўра, 2016 йилда тўлов карталарнинг миқдори фоиз кўрсаткичда 8% га ошган экан. 2022 йилга келиб бу кўрсаткич эса 22% га ошиши кутилмоқда.

 Энг оммабоп карталар тури дебет карталар бўлиб, барча чиқарилган карталарнинг 71% га  тўғри келади. Бу эса ўз навбатида 2015 йилга нисбатан 1% га кўп деганидир.

 Пластик карталар ишлаб чиқарилишининг тез суратларда ўсиши ривожланаётган давлатлар Хитой ва Ҳиндистондаги банк ҳисоб рақамларининг сони кўпайиши билан боғлиқ.

 Шунингдек, RBR ҳисоботида бу кўрсаткич Осиё-Тинч океани, Яқин Шарқ ва Лотин Америкаси ҳудудларидаги  ривожланаётган бозордаги  молиявий интеграция лойиҳалари ёрдамида ўсиб бораётгани таъкидланди. Одатда кўпчилик банк тизимининг иштирокчисига айланганидан сўнг, берилган  дебет карта уларнинг илк тўлов карталари эканлиги маълум бўлган. 

 Ривожланган давлатларда карта орқали тўловларни амалга ошириш кўрсаткичларининг ўсиши асосан ёшроқ фойдаланувларга боғлиқ. Жумладан, Буюк Британияда эмитент-компаниялар 11 ёшдаги болалар учун дебет карталарга эгалик қилишни таклиф қилади.

  Ҳисобларга кўра, дебет карталарга нисбатан кредит карталарнинг оммабоплик кўрсаткичи тушиб бормоқда. 2016 йилда кредит карталарнинг бозордаги улуши 2% га қисқариб, 20% ни ташкил қилди. Мутахассиларнинг таъкидлашларича, бундай тенденция келажакда давом этиб боради.