Uzcard EMV картаси ёрдамида ягона порталда рўйхатдан ўтиш

Рўйхатдан ўтиш усулларига қўшимча тарзда ягона порталда янги «Uzcard EMV банк картасидан фойдаланган ҳолда рўйхатдан ўтиш» усули жорий этилди. Натижада банк пластик картаси фойдаланувчининг ягона порталдаги кабинети билан боғланади.

Эндиликда, Ягона порталда рўйхатдан ўтишни СМС-хабар хизматига уланиш натижасида UzcardEMV (онлайн-карта) банк картаси маълумотларини киритган ҳолда амалга ошириш мумкин. Мазкур жараёнда фойдаланувчи дастлаб ўзи тўғрисидаги ҳамда Uzcard EMV картанинг асосий маълумотларини (карта рақами ва амал қилиш муддати рақамлари) киритиб, сўнгра СМС-хабар шаклида келган тасдиқлаш кодни киритади. Рўйхатдан ўтиш жараёни сўнгида фойдаланувчининг мобил телефонига Ягона портал тизимидан рўйхатдан ўтиш муваффақиятли якунлангани тўғрисида СМС-хабар келади.

Мазкур усулда рўйхатдан ўтиш фойдаланувчи кабинети орқали Ягона порталда тўғридан-тўғри тўловларни амалга оширишда қулайликлар яратади. Бунда банк картаси маълумотларини қайта киритиш талаб этилмайди. Мазкур имконият, биринчи галда Ягона портал орқали кўрсатилаётган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш учун жорий этилади.