CONTACT тизими UZCARD орқали пул ўтказмаларини жўнатиш хизматини жорий қилди

   UZCARD банклараро тўлов тизими CONTACT тўлов тизими  билан ҳамкорликда  янги лойиҳани амалга оширди. Унга кўра, CONTACT тўлов тизими  UZCARD карталари орқали  ҳам  пул ўтказмаларини жўнатиш хизматини жорий қилди.

 Пул ўтказмаларини UZCARD карталарига ҳисоб рақамининг реквизитларисиз, карта эгасининг исми, фамилияси, шарифи ва бошқа қўшимча ахборотлар талаб қилинмаган ҳолатда, фақат картанинг юз қисмидаги рақамларни кўрсатган ҳолда Россия ёки яқин хориж мамлакатларидаги исталган CONTACT тизими нуқталаридан жўнатиш мумкин. 

 Ўтказмалар АҚШ долларида амалга оширилади ва банклардан ҳам шу тартибда қабул қилинади.  Жўнатма  UZCARD картасига 1 дақиқадан бир неча дақиқагача бўлган вақтда келиб тушади, бу жараён эмитент банкка боғлиқ.

 Ҳозирги кунда Республикадаги 29 та банк UZCARD карталари эмитентлари ҳисобланади. Ўзбекистонда биринчи бўлиб бу хизматни Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолияти Миллий банки йўлга қўйди,  кейинчалик хизмат бутун Республикага ёйилди. Тизимлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоб ишларини  Россиянинг кредит ташкилоти- "Азия-Инвест Банк" акционерлик тижорат банки  амалга оширади.

 Айни вақтда CONTACT Хитойнинг миллий тўлов тизими China Union Pay, Қирғизистоннинг миллий «Элкарт» тўлов тизими, Приднестрове Молдавия Республикасининг миллий «Приднестровье» тўлов тизими  ва Молдованинг “Радуга”  тизимлари билан халқаро пул ўтказмалари бўйича лойиҳалар устида ишламоқда.  

Қўшимча маълумот

 CONTACT тўлов тизими 1999 йил Россияда илк пул ўтказмалари тизими сифатида иш бошлаган. Тизим QIWI гуруҳига киради ва КИВИ Банки оператори ҳисобланади. CONTACT  Россия ва яқин хориж мамлакатлари доирасида пул ўтказмалари соҳасида етакчилардан бири бўлиб, 900дан ортиқ Россия ва халқаро молиявий институтлар  ҳамкорлигида фаолият олиб боради. Халқаро тармоқ 170 га яқин мамлакатда 500 мингдан зиёд мижозларга хизмат кўрсатувчи банк бўлимлари, тўлов терминаллари, банк тўлов агентлари офислари ва бошқа муассасаларига эга.