Оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаатимиз

Молиявий фирибгарликлар билан боғлиқ такрорланувчи ҳодисаларни олдини олиш мақсадида Ягона умумреспублика процессинг маркази барча карта эгаларини огоҳ бўлишга чақирмоқда.

Бир қатор оммавий ахборот воситалари томонидан ёрдам кўрсатиш мақсадида, ижтимоий тармоқлар орқали турли ҳайрия акциялари ўтказилиб келинмоқда. Бундай тадбирларни ташкиллаштириш, албатта, эътиборга молик ишдир, бироқ, фирибгарлар турли йўллар орқали ўз мақсадларида қаллоблик қилишларини ҳам эслатиб ўтишни жоиз топдик.  Ёрдамга муҳтож инсонлар учун бу каби тадбирлар ташкиллаштирилиши муҳим, бироқ ҳадя қилинган  маблағни қабул қилувчи карта эгаси зиммасида ҳам пластик картанинг хавфсизлигини таъминлашдек муҳим вазифа борлигини унутмаслигимиз лозим. Авваламбор, тадбирни ташкиллаштирувчилар томонидан маблағ қабул қилувчи карта эгаси онлайн-ўғриликларнинг қурбонига айланмаслиги учун огоҳлантирилиши ҳам жуда муҳим.

Куни-кеча, қайд этилган фирибгарлик ҳодисаларидан бирида,  ўғрилар эълон қилинган карта рақамини мобил иловага улаш мақсадида,  карта эгаси билан боғланиб смс орқали юборилган кодни аниқлаб олишгани, сўнгра йиғилган пул маблағларини онлайн режимда ўғирлашгани аниқланди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунга келиб, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган бир қатор мобил иловалар томонидан ҳавфсизлик талаблари бажарилиб, ҳар бир карта эгаси эътиборига ҳавола этилган юридик маълумотда код рақамини учинчи шахсга тақдим қилиш мумкин эмаслиги таъкидланган.

Қайд этилган бир қатор фирибгарликларни инобатга олиб, барча оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташкиллаштирилаётган ҳайрия тадбирларини эълон қилишдан аввал карта эгасини пластик карта ҳавфсизлиги билан таништиришларини ва  огоҳ қилишларини сўраймиз.