Паспорт ва йўл чипталари ўрнига Швеция аҳолиси тери остига микрочиплар жойлаштирмоқда

Паспорт ва йўл чипталари  ўрнига Швеция аҳолиси тери остигамикрочиплар жойлаштирмоқда. Фото: news.abs-cbn.com

Швеция аҳолиси фикрича, чипларни тери остига жойлаштириш усули орқали шахсий маълумотлар ҳимоя қилинар экан.

Аниқланишича, Швециянинг 3000 га яқин аҳоли вакиллари сўнгги 3 йил давомида ўзлари билан ID-карталар ва бошқа шахсиятни тасдиқловчи идентификацион пластик карталар олиб юрмаслик учун тери остига микрочиплар ўрнатишган экан. Микрочип тери остига махсус шприц ёрдамида киритилади. Унинг эгаси истагига кўра эса, у осонликча тери остидан олиб ташланар экан.  

Ушбу чиплар йўлкира чипталари, шахсиятни тасдиқловчи гувоҳномалар, спорт мажмуаси абониментлари ўрнини босишда қўл келаётган экан. Бу нафақат қулайлик нуқтаи назаридан, балки вақт тежашга мўлжалланган замонавий технология сифатида ўз ўрнига эга. Мисол учун, ишхоналарнинг ўтиш жойларидан рўйхатдан ўтаётган ходимлар учун ушбу қурилма ўз қулайликларини намоён қилади. Керакли маълумотни юклаб олиш учун микрочип эгаси чипдаги маълумотларни ўқий оладиган қурилмага қўлини яқин келтириши керак холос.  

Ушбу замонавий қурилма илк маротаба 2015 йилда Швецияда қўлланилган бўлиб, ўтган 2017 йилда мамлакат Миллий темир йўл компанияси ҳам йўлкирага белгинлаган тўловларни микрочип орқали амалга ошириш имкониятини тақдим қилди. Келажакда эса, ушбу янги қурилма орқали дўконлардаги тўловларни ҳам амалга ошириш имконияти пайдо бўлиши табиий.