Uzcard ва UnionPay International ўртасида иккитомонлама шартнома имзоланди

  Ягона умумреспублика процессинг маркази ҳамда UnionPay International ўртасида кобейджинг карталар чиқарилишига тегишли шартнома имзоланди. Келишув марказимиз вакилларининг Хитой Республикасига ташрифи доирасида амалга оширилди.

Uzcard ва UnionPay International иштирокида ўтказилган учрашувда ушбу келишувга тегишли барча саволлар муҳокама қилиниб, икки тўлов тизимлари иштирокида муомалага чиқариладиган кобейджинг карталар мавзусига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, келишувниниг асосий мақсадларидан бири кобейджинг карталар ишлаб чиқарилишига аъзо бўлган банкни аниқлаш бўлиб, унга кўра, Aloqabank томонидан UnionPay International халқаро тўлов тизимини қўллаб-қувватловчи илк кобейджинг карталари чиқарилиши белгилаб ўтилди.    

Бундан аввал, Ўзбекистон ҳудудида 1 июлдан бошлаб кобейджинг карталари ишлаб чиқарилишини эълон қилган эдик. Икки компания ўртасида имзоланган келишувга биноан эндиликда икки тўлов тизимларига хизмат кўрсатувчи кобейджинг карталари UzCard ягона тўлов тизимида мамлакатимиз ҳудудида ҳам хизмат кўрсатади, ҳам унинг ташқарисида UnionPay International тўлов тизими доирасида тўловларни қабул қилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, компаниямиз томонидан UnionPay International билан ҳамкорлик қилишда қўйилган бир қатор талаблар бажарилди ва карталарни эмбоссировка  қилиш учун мўлжалланган марказ персо ускуналар билан тўлиқлигича жиҳозланди. Бугунги кунга келиб юқорида санаб ўтилган келишув қатнашчилари иштирокида тест режимида кобейдж карталари чиқарила бошланди. Жумладан, Ипак Йули, QQB, Агробанк, ОФБ,   Инфинбанк, Хамкорбанк, НБУ банклари ҳам ушбу жараёнга интеграция қилиш арафасида турибди.

Бундан ташқари, Марказимиз мутахассислари томонидан барча POS-терминалларнинг дастурий таъминотини қайта ўрнатиш юзасидан фаол ишлар олиб борилмоқда. Демак, яқин кунларда барча POS-терминаллар UnionPay International халқаро карталарини ҳам қабул қилишни бошлайди.  

Бугунги кунга келиб, UzCard пластик картасини қабул қилувчи барча банкоматлар сертификациядан ўтиб, UnionPay карталарига хизмат кўсатишга тайёрланмоқда. Эслатиб ўтамиз, банкоматлар 24/7 кун тартибида хизмат кўрсатади. Уларга ёпиштирилган UnionPay махсус логотипи орқали банкоматнинг ушбу халқаро тўлов тизимига хизмат кўсатишини аниқлашингиз мумкин.

Эндиликда, мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар банкомат орқали маҳаллий валютамизни ечиб олишлари ҳамда POS-терминаллар орқали UnionPay карталари орқали тўловларни амалга ошириш имкониятидан фойдаланишлари муҳим қадамлар ташланаётганини кўрсатмоқда.