Карта PIN-коди унинг эгаси томонидан мустақил киритилиши лозим

 Пластик карта билан муомала қилиш қоидаларига биноан ушбу талаб банк ходимлари томонидан ўзларининг мижозларига, яъни ҳар бир савдо пункти эгасига тушунтирилиши лозим. Uzcard компанияси ўз ҳамкорларига (банкларга) сифатли процессинг хизматларини кўрсатиб, халқаро ҳавсизлик талабларига бутунлай жавоб бериб келмоқда. Шу асносида халқаро тўлов тизимлар билан бир қатор келишувлар имзоланиши халқимиз учун қўшимча имкониятларнинг тақдим қилинаётганидан, электрон тижорат соҳасида ҳам янги имкониятларнинг яратилишига хизмат қилмоқда.

Юқорида айтиб ўтилган омилларга асосланган ҳолда, бир масалага ойдинлик киритиш ўринлидир: бугунги кун талаб ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, тўловни қабул қилаётган ҳисобчи карта эгаси ихтиёрига PIN-кодни мустақил киритиш имкониятини яратиб бериши кераклигидан хабардорми?

Биз бир неча маротаба қатор мақолаларимиз орқали ҳар биримиз пластик картадан фойдаланиш маданиятини шакллантиришимиз  ўринли эканлигини таъкидлаб ўтганмиз. Ушбу маъсулиятли вазифани амалга ошириш учун тўлов тизимининг барча таркибий бўлинмалари бирлашиб, ушбу ғояни тарғиб қилишлари ўринли.  Барча камчиликлар инобатга олинганида, банк ходимлари мерчантларни (савдо пунктлари эгалари) пластик карта орқали тўловларни қабул қилиш талаблари билан таништириб боришлари кераклиги намён бўлмоқда. Ушбу жараён савдо пункти эгасининг банк мижози сифатида қабул қилинаётганида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Сабаби, баъзи савдо шаҳобчалари эгалари ҳатто пластик карталардан фойдаланиш қоидалари билан таниш эмасликлари кузатилмоқда. Ачинарли томони шундаки, баъзи карта эгалари ҳам карта орқали тўловларни амалга ошираётганларида ўз ҳуқуқларини тўлиқлигича билмайдилар. Шу сабабли компаниямиз пластик карталардан фойдаланиш маданиятини умумжамоа даражасида амалга ошириш даркорлигига алоҳида эътиборини қаратмоқда.

Мамлакатимизнинг туризм соҳаси кундан-кунга ривожланиб бораётган бир даврда, ҳар бир Давлат органи сайёҳларга сифатли ва ҳавфсиз хизматларини тақдим  этиши асосий мақсадлардан бирини ташкил этади. Жумладан, Ўзбекистон ҳудудига ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ учун  ҳар тарафлама қулайликлар яратиш,  унинг карта орқали тўловларни амалга ошираётганида карта PIN-кодини киритиш жараёнини ўз ихтиёрига топшириш вазифаларимиздан бири эканлигини англашимиз даркор. Мамлакамизга ташриф буюраётган меҳмонлардан PIN-кодни оғзаки айтиш сўровларига ҳайрон бўлиб қарашлари табиий, сабаби бундай сўров уларнинг кўзи олдида ўғирликни содир этиш билан тенгдир. Бундай ҳолатга рўпаро келган сайёҳ ушбу савдо пунктида пластик карта орқали тўлов ўтказмасликка, балки банкомат ёрдамида ёки банкда маълум пул миқдорини нақдлаб олишга қарор қилиши табиий. Бироқ, “қора бозорга” мурожаат қилиши ҳам бундан мустасно эмас.

Шу сабабли компаниямиз нафақат банк вакилларини, балки карта эгаларини ҳам пластик картадан фойдаланиш маданиятини шакллантириш  босқичида фаол иштирок этишларига чақиради. Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси фаровон ҳаёт ҳамда халқ хўжалигининг барча соҳаларида иқтисодий ривожланиш сари интилар экан, пластик карта орқали тўловларни амалга ошириш талабларидан хабардор бўлиши ҳам айни муддаодир.

Қуйида пластик карталар орқали тўловларни амалга ошириш жараёнидаги асосий  ҳавфсизлик талабларини келтириб ўтамиз:

1.  Пластик карта PIN-кодини мустақил киритинг:  гавжум жойларда PIN- рақамингизни учинчи шахсларга оғзаки ва баланд овозда айтманг;

2. PIN-кодни POS-терминалларга ( АТМ қурилмалар: банкомат, инфокиоск) тўғридан-тўғри ўрнатилган виденазорат тагида киритманг;

3. Учинчи шахслар ихтиёрига пластик картангизни ёки унинг PIN-рақамини ёзиб топширманг.