«UZCARD» тизими фаолиятига тегишли бўлган ахборот хабари

 

Тошкент ш.                                                                                                                                                                                                                        2018 йил, 17 сентябрь

 

 

  2018 йил 15 сентябрь куни Ягона умумреспублика процессинг маркази ахборот тизимининг носоз фаолият кўрсатиши сабабларини тушунтириб ўтишдан аввал, Марказимизнинг бутун жамоаси номидан «Uzcard» карталари сақловчилари, савдо-хизмат кўрсатиш корхоналари ва ҳамкорлар олдида узр сўраймиз.

 

«Uzcard» компанияси пластик карталар орқали амалиётларни ўтказиш имкониятининг йўқлиги оқибатида барча тизим фойдаланувчиларида шаклланган эътироз ва норозиликларини тўлиқ англамоқда. Юзага келган шарт-шароитларни тўғри баҳолаган ва мазкур ҳодисанинг натижаларини тушуниб етган ҳолда, бизнинг компаниямиз тизимнинг барча иштирокчилари ва фойдаланувчиларини, хусусан халқимизни, вазиятни оқилона баҳолашга, шунингдек “Uzcard” тўлов тизимининг фаолият кўрсатишини тиклашда иштирок этаётган ва баҳоли қудрат барча чораларни амалга ошираётган мутахассислар ва ташкилотларнинг масъул вакилларига нисбатан хайрихохлик кўрсатишларини сўраймиз.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, барча тўлов ташклотлари, шу жумладан, етакчи халқаро тўлов тизимлари иш фаолиятининг ўзига хослиги сабабли турли хилдаги ҳар кунлик ташқи хужумларга дуч келади. Ушбу шартларни инобатга олиб, шунингдек, барча тўлов тизимлар ўз иш фаолиятида, исталган вақтда ишдан чиқиши мумкин бўлган аппарат-дастурий мажмуаларидан фойдаланишларидан келиб чиққан ҳолда, улар фаолиятида тўсатдан носозликлар рўй бериш эҳтимоли мавжуд бўлади. Бу каби эҳтимоллар олдиндан ҳисобга олиниши лозимлиги ва тўлов тизимлари фаолиятини тўхташи ноўрин бўлишига қарамай, тўсатдан аппарат-дастурий мажмуаларининг ишдан чиқиши ва ташқи хужумларнинг юз бериши натижасида бугунги кунда ҳам тизимлар фаолиятида носозликлар кузатилмоқда.

 “Uzcard” тўлов тизимининг фаолият масаласига қайтадиган бўлсак, шуни маълум қиламизки, тизимда техник носозлик қайд этилганидан сўнг, мутахассисларимиз томондан муаммонинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш, Марказ ишини қайта тиклаш, шунингдек, пластик карталарга тегишли бўлган барча маълумотларни бутлигини сақлашга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди.  Тизимни қайта тиклаш ишларига нафақат компаниямизда фаолият олиб бораётган дастурчилар, балки бир қатор ҳамкор-мутахассислар ҳам жалб этилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида барча техник ва дастурий носозликлар бартараф этилди. Ҳозирда «Uzcard» тизимининг тўлақонли фаолият олиб бориши учун жараёнларни босқичма-босқич тиклаш ишлари бажарилмоқда. Ахборот тизимининг нотўғри ишлаш сабабларини аниқлаш учун дастурий таъминотнинг аниқ қайдномалари олиниб дастурий таъминот яратувчилари (software) ҳамда серверли қурилмаларни (hardware) ишлаб чиқарувчиларининг техник қўллаб-қувватлаш хизматига (support) тақдим этилди. Тизимнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши тиклангандан ва носозлик сабаблари аниқлангандан сўнг, Марказ томонидан қўшимча равишда тегишли маълумотлар тақдим этилади.

Бугунги кунда ҳар биримиз пластик карталарнинг қулайликлари ва афзалликларини, ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимининг имкониятиларини тушуниб етмоқдамиз. Бироқ, тизимда кенг кўламли муаммолар кузатилаётган бир пайтда нафақат карта эгалари, балки тизимга боғлиқ қатор молиявий ташкилотлар, шу жумладан, бизнинг Марказимиз ҳам унинг фаолият кўрсатмаслиги билан боғлиқ қийинчилик ва ноқулайликларни ўзида ҳис этади. Ўтган вақт давомида Марказимиз номига барча мутассади ташкилотларнинг маъсулиятсизлиги ва ходимлар малакасининг етишмаслигига қаратилган жуда кўп миқдорда салбий фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Бидирилган фикрларнинг кичик миқдоригина тизимнинг тўлиқ ишлашини тиклашда тинмай ҳаракатда бўлганларни қўллаб-қуватлашга қаратилган эди.

Ахборот якунида «Uzcard» тизимининг барча фойдаланувчиларини ишонтириб айтамизки, бу каби ҳолатларнинг қайтарилмаслиги учун Марказимиз томонидан пластик карталарга тегишли маълумотларни ҳавфсизлигини таъминлаш ва ҳар бир транзакциянинг ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган зарурий чоралар кўрилади. Шу билан биргаликда пластик карталардан фойдаланишда янада кенг имкониятларни тақдим этишни инобатга олган ҳолда, «Uzcard» карталари эгалари учун янги ҳам маҳаллий ҳам ҳалқаро хизматларни жорий этиш давом эттирилади.

Ягона умумреспублика процессинг маркази рўй берган техник носозлик натижасида келиб чиққан ноқулайликлар учун яна бир бор узр сўраган ҳолда, ўз иш фаолияти давомида “сифатли ва ҳавфсиз хизматларни кўрсатган ҳолда, барча фойдаланувчиларнинг пул маблағларини ҳимоясини таъминлаш” каби тамойилнинг амалда бажарилишини таъминлашини таъкидлаб ўтади.

 

Вазиятни тўғри баҳолашингизга умид билдирган ҳолда, Ҳурмат билан Uzcard маъмурияти.