Uzcard янгиликлари

Tasx.uz интернет сервеси “Woy-wo’” тўлов порталининг янги таъминотчи ташкилотига айланади

Энди “Woy-wo’” тўлов портали фойдаланувчилари tasx.uz интернет сервесиининг товар ва хизматлари учун тўловларни амалга ошириш имкониятига эга бўладилар.  

Мазкур портал фойдаланувчиларига маълумки, қарийб ҳар ҳафта ушбу порталга ўнлаб янги таъминотчилар қўшилиб бормоқда. Ҳозир пайтда, икки юздан ортиқ таъминотчи ташкилотлар шартномалар тузиб, мазкур портал орқали ўз хизматларини тақдим этмоқда. Жумладан, Интернет-провайдерлар, Ўзбекистон Республикасининг уяли алоқа операторлари, йирик савдо тармоқлари, суғурта компаниялари,  онлайн ТВ хизматлари таъминотчилари, ўқув марказлари, аптекалар ва бошқалар. 

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (ЯУПМ)нинг бугунги кунда жадаллик билан ривожланиб бораётган лойиҳаси – “Woy-wo’” Интернет тўловлари портали бир маконда турли товар ва маҳсулотларнинг таъминотчилари ва истеъмолчиларини бирлаштиришга замин яратади.

 

Woy-wo’ тўлов порталининг мобил иловасини юклаб олиш

Android учун

iOS учун

Саволлар ва жавоблар

Ҳар жума кунлари  www.uzcard.uz сайтида бизга келаётган саволларга жавобларни тақдим этамиз. Йўллаётган саволларингиз учун миннатдормиз. Ҳар бир савол, ўз навбатида, бизга камчиликларни бартараф этиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифати даражасини оширишга ёрдам бермоқда.

Саволларингизни  This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.  электрон почта манзилига юборишингиз мумкин.

Савол-жавоб:

1. Терминал ёрдамида пластик карталар воситасида коммунал хизматлар учун тўловни амалга ошириш пайтида, истеъмолчи ҳисоб рақамига пул ўтказиш учун операторларга квитанция ва чекни кўрсатиш зарур бўлмайдиган тизим қилиш мумкинми?

 Ҳа, мумкин. Бундай услубда ишловчи тўлов тизими истеъмолчи учун қатор ноқулайликлар туғдириши тушунарли ҳолат. UZCARD тизимида POS-терминаллар орқали тезкор коммунал хизматлар тўловини амалга оширишга мўлжалланган IQFront тизими 2014 йилдан буён самарали ишлаб келмоқда. Ўтган йиллар давомида IQFront мажмуавий дастурини ишлаб чиқиш ва созлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Айни пайтда, истеъмолчилар мобил POS-терминаллар ёрдамида табиий газ учун тўловни амалга оширишлари мумкин. Бошқа хизматларни ҳам таклиф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

2. Маълумотларингизда UZCARD тизимида қарийб 20 млн. пластик карточка фаолиятда экани айтилган. Келажакда ушбу тўлов карталарининг хавфсизлигини таъминлаш учун қандай ишлар қилинмоқда?

Энг аввало, UZCARD карталари эмиссияси даврида магнит тасмали карточкалардан мутлақо воз кечилган. Бундай карталарнинг заифлиги шундан иборатки, уларни оддий шароитда бошқа картага қайтадан ёзиш қийинчилик туғдирмайди. UZCARD тўлов карталари асосан онлайн режимида ишлайди ва ушбу тўлов карталарининг хавфсизлигини таъминлаш учун тўлов карталари билан ишловчи мазкур бозордаги барча иштирокчилардан яхшигина куч сарфланиши талаб этилади. Бу карта маълумотларини узатиш, сақлаш ва ишлаш жараёнида тўлов тизимлари томонидан ўрнатилган хавфсизлик талабларига риоя қилиниши зарурлигини англатади. Бугунги кунда Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази томонидан тегишли веб-ресурсда (www.udss.uzcard.uz) очиқ тарзда тақдим этилган талаблар ишлаб чиқилган. Ушбу талабларга амал қилувчи ҳар бир хусусий таъминотчи ташкилот ўзи ва ўз мижозларини онлайн муҳитдаги таҳдидлардан муҳофаза қилади.

“UZCARD”дан янги маълумотлар

2017 йилнинг 23 майида uznews.uz ресурсида Ўзбекистонда UZCARD тизимига рақобатчи пайдо бўлгани ҳақида янгилик пайдо бўлди. Айни пайтда, GlobUzCard янги тўлов тизими Visa, MasterCard ва бошқа халқаро тўлов тизимлари билани бирлашиши ҳақида сўз юритилди.

Шу билан бирга, атиги бир ҳафта ўтиши билан 2017 йилнинг 31 майида Марказий банкка ЯУПМ ва ЯХПМ раҳбарияти таклиф қилиниб, бир ой муддат ичида  UZCARD ва GlobUzCard – икки тўлов тизимининг биргаликда фаолият олиб боришини таъминлаш талаби қўйилди. “Биргаликда фаолият юритиш” тушунчаси остида бир тизимнинг карталарини бошқа тизим терминал тармоғига қабул қилиниши назарда тутилган эди.

Таъкидлаш зарурки, бир тўлов тизими карталарини бошқа тизим томонидан қабул қилинишини таъминлаш учун ахборот тизимларининг тўлиқ мажмуини ишлаб чиқиш талаб этилади. Жумладан:

˗  шифрлаш ва маълумотларни узатиш жараёни, турли тўлов тизимларининг шифрлаш калитларини сақлаш ва фойдаланиш, иккала тизимни ҳам PCI-DSS ахборот хавфсизлиги стандартларига мувофиқлик бўйича сертификациядан ўтказиш;

˗  пластик карталар эмиссияси базасини янгилаш ва банкларнинг мавжуд мижозлари учун қайтадан карталарни ишлаб чиқариш;

˗  тизимнинг барча жабхаларида, яъни карточка чипидаги илова ва терминал қурилмаси дастуридан бошлаб, маълумотлар базаларини бошқариш тизимлари, молиявий ўзаро ҳисоб-китоблар учун маълумотларни шакллантириш ва сақлашгача дастурий таъминотни охирига етказиб қўйиш ва қайта созлаш;

˗  тўлов тизимларининг барча иштирокчилари ва фойдаланувчиларининг турли даражалардаги ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти учун алоқанинг янги каналларини қуриш;

˗  электрон тижорат, жумладан, мобил илова ва электрон тўловлар порталлари орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизмларини қайта ишлаб чиқиш ва ўзгартириш;

˗  ҳамкорликда иш олиб боришнинг иқтисодий самарадорлигини ҳисоблаб чиқиш ҳамда тегишли нарх сиёсатини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш.

Ўзининг фаолиятдаги процессинг маркази бўлмагани, ҳали бирон бир карта чиқарилмагани ва терминал ўрнатилмагани сабабли GlobUzCard тизими учун юқорида кўрсатиб ўтилган вазифаларни бажариш қийинчилик туғдирмаслиги мумкин. UZCARD тизимида эса аллақачон қарийб 20 млн. карта ва 230 мингта терминал ускунаси иш олиб бормоқда. UZCARD тизими иштирокчилари ва фойдаланувчилари ўртасида йўлга қўйилган ўзаро мустаҳкам муносабатларнинг ўзгариши унинг иш фаолиятида тўхталишлар бўлиши эҳтимоли ва пировардида фойдаланувчиларнинг асосли норозиликларини юзага келишини эътибордан четда қолдирмаган ҳолда, тизимни тубдан қайта қуриш заруратини келтириб чиқаради. 

Қолаверса, ушбу жараён маблағ ва интеллектуал жиҳатдан сезиларли даражадаги сарф-харажатларни талаб қилади.

Шу тариқа, икки тизимнинг биргаликда фаолият олиб боришини таъминлаш талаби бир томондан бир ойдан кўра анча кўп вақт талаб қилса, бошқа томондан тизимга шошма-шошарлик ва яхши тайёрланмасдан ўзгартириш киритилиши жиддий ижтимоий ва иқтисодий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Юқоридагиларга қўшимча сифатида асосли савол туғилади. GlobUzCard тизими унинг фаолияти учун UZCARD тизими ресурслари талаб қилинаётган бўлса, унга рақобатчи бўла оладими?

Ва, умуман, фойдаланувчиларга муайян бир фойда келтирмайдиган бўлса, сарф-харажатлар эвазига ишлаб турган тизимни ўзгартириб, бошқа логотип билан янги карталарни ишлаб чиқаришдан нима наф? 

Энг муҳими, модомики, GlobUzCard на тўловларни бошқариш тизими (процессинг маркази), на мижозларнинг маълумотлар базаси ва на тўловларни қабул қилиш тармоқларига эга эмас экан, мазкур тизимларнинг биргаликда фаолият олиб боришини қандай ташкил қилиш мумкинлиги тушунарсиз.

Жанубий Кореяда дунёдаги илк кафт ёрдамида амалга ошириладиган тўлов тизими тақдимоти бўлиб ўтди

Lotte Card компанияси кафтни скан қилиш ёрдамида тўловлар жараёнига ишлов берувчи биринчи тизимни тақдим этди.

Hand Pay янги тўлов усулининг тақдимоти Сеул шаҳрида бўлиб ўтди. У мижозларга кафтдан идентификация усули сифатида фойдаланиб, тўловларни амалга оширишга имкон яратади. Бу дунёдаги биринчи биотўловлар сервиси бўлиб, у харидни амалга ошириш учун инсон танасига ато этилган ноёб маълумотдан фойдаланишга имконият туғдиради.

Hand Pay тўловларни амалга ошириш қулайлигини энг юқори даражада таъминлайди. Чунончи, бунинг учун мижозларга на кредит карталари ва на смартфонлар керак бўлади. Тизим фойдаланувчининг кафт сканини рўйхатдан ўтказади ва қабул қилинган маълумотларни Lotte Card ва Корея молиявий телекоммуникация ва клиринг институти томонидан бошқарилувчи алоҳида серверларга тақсимлайди. Ҳатто муайян бир сервердаги маълумотлар ўғирланган ҳолатда ҳам мазкур маълумотлар тўлиқ бўлмагани сабабли бузғунчиларга ҳеч бир наф келтирмайди.

Мижоз тўлов учун шунчаки кафтини сканерга тутади, яқиндаги инфрақизил диапазон нури эса кўктомирнинг ноёб нақшсимон чизиқларини ўқиб қайд этади.

Компания Hand Pay сервисини кенгайтириш ва Кореянинг бир неча чакана савдо тармоқларида ташкил қилишни режалаштирмоқда.

Манба

Пластик карталар ишлаб чиқариш 2017 йилнинг биринчи чорагида 15 фоизга ўсди

Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда 82 мингта пластик карта ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 15 фоиз кўпроқдир. 2016 йилнинг биринчи чорагида республикамизда ишлаб чиқарилган карталарнинг умумий сони 71 мингтани ташкил этган эди.

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (ЯУПМ) маълумотларига кўра, 2017 йилнинг биринчи чораги мобайнида банк пластик карталаридан фойдаланилган ҳолда, пировардида 14,7 триллион сўмлик 245 мингта транзакция амалга оширилган. Ушбу ҳолат умумий транзакциялар сони (19,2%) билан бирга, транзакциялар суммаси (47,7%) ҳам ортганидан далолат беради. Жумладан, ўтган йилнинг мос даврида умумий транзакциялар сони 180 мингтани, транзакцияларнинг умумий суммаси эса 10 триллион сўмни ташкил қилган эди.

Электрон тижорат бўйича хулосавий маълумотларга қараганда, 2017 йилнинг биринчи чорагида e-commerce билан алоқадор транзакциялар сони 86,5 миллионтани ташкил қилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан  78 фоизга қўп экани эътироф этилган. Яъни, ҳисобот даврининг бир йил аввалги кўрсаткичларида 49 миллионта  транзакция қайд этилган эди. Электрон тижорат бўйича транзакцияларнинг умумий суммаси 2017 йилнинг биринчи чорагида 16 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос давридаги 8,5 триллион сўмга нисбатан 88 фоизга ўсишни қайд этди.

“Ўзкарт” БТТ фаолияти якунларига кўра, 2017 йилнинг апрель ойи давомида DUET (“оффлайн”) карталари орқали амалга оширилган банклараро транзакциялар сони ва умумий суммаси  бутун тизим бўйича транзакцияларнинг умумий ҳажмида 0,7 фоиз ва 0,5фоиз, UZCARD EMV (“онлайн”) карталари бўйича транзакциялар улуши эса – мувофиқ равишда 99,3 фоиз ва 99,5 фоиз кўрсаткичларини қайд этди.

Шу тариқа, “Ўзкарт” тўлов тизимининг “оффлайн” платформадан “онлайн”га ўтиши қарийб ниҳоясига етди. 

 

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази
PR-хизмати

Саволлар ва жавоблар

Ҳар жума кунлари  www.uzcard.uz сайтида бизга келаётган саволларга жавобларни тақдим этамиз. Йўллаётган саволларингиз учун миннатдормиз. Ҳар бир савол, ўз навбатида, бизга камчиликларни бартараф этиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифати даражасини оширишга ёрдам бермоқда.

Саволларингизни  This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.  электрон почта манзилига юборишингиз мумкин.

Савол-жавоб:

1. Ўзбекистонда қайси йўриқнома асосида коммунал кассалар иш олиб боради?

Ушбу савол Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (UZCARD тизими) фаолиятига алоқадор эмас. Шу сабабли мазкур савол юзасидан республикамизда фаолият юритувчи тижорат банкларига мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

2. Web Money, Qiwi, Yandex Money шаклидаги электрон ҳамёнлар ҳисобини тўлдириш имконияти қачон пайдо бўлади?

Ҳозирги пайтда, Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази режаларида бундай лойиҳалар кўзда тутилмаган.

3. Айрим сайтларда ёзилишича, яқинда “UZCARD”нинг валюта ҳисобига долларда пул ўтказмаларини қабул қилиш ва нақдлаштириш мумкин экан. Шу тўғрими?

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, Азия Инвест Банк ва Qiwi тўлов тизими янги хизматни йўлга қўйиш юзасидан иш олиб боришмоқда. Ушбу хизмат ёрдамида Россиядан пул ўтказмаларини (АҚШ долларида) қабул қилиб олиш учун миллий валюта – сўмдаги UZCARD пластик карталари эгалари мавжуд картага қўшимча валюта ҳисобини очиши ва унга боғлаб қўйиши мумкин.  

Банкоматлар мижозларни юзидан аниқлайди

Йирик кредит ташкилотлари ташқи кўриниш асосида аутентификацияни жорий қилишни режалаштирмоқда.


Россия банклари ўз банкоматларида юз орқали идентификацияни жорий қилишни мўлжалламоқда:

операцияларни амалга ошириш учун фуқаролар картани киритиши ва рақамли паролни териши талаб этилмайди.

Кредит ташкилотларида ҳисоблардан фойдаланиш учун рухсатга эга бўлиш ва банкомат орқали операцияларни амалга ошириш учун, бошқа ҳисобларга маблағ кўчириш, нақдлаштириш ёки хизматлар учун тўловни амалга ошириш бўлсин, қатъий назар, юз қиёфасидан текширишни жорий қилиш режалаштирилмоқда.

Яқинда Хитойда ана шундай биометрик параметрлар бўйича текшириш усули пайдо бўлди. Макао оролилидаги банкоматларда Union Pay фойдаланувчиларини юз қиёфасидан идентификация қилиш йўлга қўйилган. Шу тариқа, қимор ўйинлари рухсат этилган оролда пул билан боғлиқ фирибгарликларни бартараф этишга қаратилган.

Бир қатор россиядаги банклар Хитой тажрибаси асосида терминалларда юз қиёфасидан аниқлаш тизимини жорий қилишмоқчи.

Мутахассислар банкоматларда биометрик технологияларни жорий қилиш мижозларни идентификация ва аутентификация қилишда катта имкониятлар эшигини очишини таъкидламоқдалар. Юз қиёфасини аниқлаш тизими 2D ёки 3D форматда бўлиши зарур. “Ясси сурат” кўпроқ заифликларга эга бўлиб, уни қўлга киритиш ёки худди аслидек акс эттириш  жуда осон.

Манба

Швецияда барча тўловлар – нақдсиз шаклда

Бугунги кунда швед жамияти  – сайёрамиздаги энг “нақдсиз” жамият саналади. Риксбанк маълумотларига кўра, 2017 йилнинг I кварталида 56,8 млрд. крон ($6,4 млрд.) кўрсаткич билан муомаладаги банкнот ва тангалар сони 1990 йиллардаги даражага қайтган.


Айни дамда, нақдсиз шаклдагилари билан бирга қўшилган ҳолда, маблағлар йиғиндиси ўсишда давом этди. Натижада нақд маблағнинг ҳиссаси 2 фоизга қадар пасайди. 2007 йилда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан буён муомаладаги банкнот ва тангалар баҳоси тахминан 40 фоизга қисқарди.

Мамлакатнинг энг йирик ҳисобланган банклари (SEB, Swedbank, Nordea Bank) бўлинмаларида энди қарийб нақд пуллар иштирокида ҳеч бир оперция амалга оширилмайди. Энг йирик бинкларнинг тўртинчиси саналган Svenska Handelsbanken ҳали 2013 йилда қолган учта рақобатчисидан фарқли ўлароқ, барча бўлинмаларида нақд ёрдамида операцияларни амалга оширар эди. Рақобатчиларда эса мазкур шаклдаги операцияларнинг улуши атиги 25-35 фоизни ташкил қилар эди.

Аслида ҳар қандай тўловларни мамлакатнинг энг йирик банкларига тегишли бўлган кредит ва дебит карталари ҳамда Swish мобил иловаси кўмагида амалга ошириш мумкин. Улардан 10 миллиондан ортиқ шведларнинг 5,5 миллион нафари фойдаланади. Ҳатто черковга қилинадиган хайр-эҳсонларни ҳам ҳозирда рақамли тўлов ёрдамида жўнатиш мумкин. Энди эса Уппсал шаҳрида черков даромадлари ҳам Swish тўлови орқали йўлга қўйилди. Нақд маблағларни банк ҳисобига жойлаштириш билан боғлиқ харажатлар қисқарди.

Манба

 

 

Онлайн-тўловлар кўпроқ смартфонлардан амалга оширилмоқда

Ўтган йил билан қиёслаганда смартфонлар ёрдамида тўловларни амалга ошириш анча оммалашгани маълум бўлди.Айни пайтда, сайтнинг мобил версияларига нисбатан мобил иловалар ёрдамида тўловларни амалга оширувчи фойдаланувчилар сони 60 фоизга кўпроқ экани қайд этилди. Бироқ контактсиз тўловларни афзал кўрувчиларнинг улуши ҳозирча 8,6 фоиздан юқори эмас.

Mediascope компанияси Россиянинг йирик шаҳарлари электрон тўловларни қай тарзда амалга оширишини тадқиқ этди.

Cўровда иштирок этганларнинг аксарияти учун онлайн тўловлар одат тусига айланиб улгурган: россиялик Интернет фойдаланувчиларнинг 91,5 фоизи товар ва хизматларга шу тарзда тўловларни амалга оширади. Респондентларнинг 85,7 фоизи тўловлар учун компьютер ва ноутбуклардан, 68,3 фоизи эса смартфонлардан фойдаланади.

Одамлар, аксарият ҳолларда, Интернет-банкинг (сўровномада иштирок этганларнинг 83 фоизи бир йилда камида бир марта тўлашади), банк карталари (82,3 фоиз) ва электрон пуллар (66,3 фоиз) ёрдамида тез-тез тўловларни амалга оширади. Энг фаол фойдаланувчилар улар ёрдамида Интернет-дўконлардан буюртмалар, овқатларни етказиб бериш, уй-жой-коммунал хизматлари учун тўловларни, шунингдек, пул ўтказмаларини амалга оширишади.

Кўпгина тўлов хизматлари смартфонлар ёки сайтларнинг мобил талқинлари учун ўз иловаларига эга. Мобил Интернет фойдаланувчилари сайтларнинг мобил талқинларига нисбатан иловалар орқали кўпроқ тўловларни амалга оширишади. Мобил фойдаланувчилари иловалар ва сайтларнинг мобил талқини ёрдамида тез-тез тўлашади. Бу фақат онлайн сотиб олиш, мобил алоқа ва пул ўтказмалари учун эмас, балки маиший хизматлар учун ҳам долзарб, масалан, уй-жой-коммунал хизматлари учун респондентларнинг 31 фоизи иловалар орқали, фақат 16,4 фоизи сайтларнинг мобил талқинлари ёрдамида тўловларни амалга оширишади.

Манба

 

POS-терминаллар орқали тезкор коммунал хизматлар тўлови

UZCARD Банклараро тўлов тизими ташаббуси билан POS-терминаллар орқали тезкор коммунал хизматлар тўловини амалга оширишга мўлжалланган IQFront тизими 2014 йилдан буён анчайин самарали ишлаб келмоқда. Фақат 2017 йилнинг биринчи чораги натижаларига кўра, IQFront  тизими бўйича амалга оширилган транзакциялар сони 11640 тани ташкил қилган бўлса, транзакцияларнинг умумий суммаси 4 миллиард 696 миллион сумдан ортиқроқ экани қайд этилди.

Айтиш жоизки, мазкур йиллар давомида Ягона Умумреспублика Процессинг маркази мутахассислари томонидан IQFront мажмуавий дастурини ишлаб чиқиш ва созлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Ҳозирги кунга келиб, 51 та POS-терминали коммунал хизматлар учун тўлов амалга ошириш мақсадида IQFront тизимига уланган. Айни пайтда, истеъмолчилар мобил POS-терминаллар ёрдамида табиий газ учун тўловни амалга оширишлари мумкин. Бошқа хизматларни ҳам таклиф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу, шунингдек, тегишли ташкилотларнинг биллинг тизимлари мазкур хизматлардан фойдаланишга қанчалик тайёрликларига ҳам боғлиқ.

Ушбу тизимни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга нима туртки бўлганди? Сир эмас, авваллари терминал ёрдамида пластик карталар воситасида коммунал хизматлар учун тўловни амалга оширишда истеъмолчи ҳисоб рақамига пул ўтказиш учун операторларга квитанция ва чекни кўрсатиш талаб этиларди. Бунинг оқибатида тегишли хизматга уланиш анча вақтни оларди. Бундай услубда ишловчи тўлов тизими истеъмолчи учун қатор ноқулайликлар туғдирар эди.

IQFront мажмуавий дастури пул маблағларининг уй-жой коммунал хўжаликлари инспекторлари мобил терминалларидан тезкор равишда коммунал хизматлар биллинг тизимига кўчирилишини кўзда тутади. Муаммонинг бундай ечими тўловлар жараёнидаги тўхталиш ҳолатларини бартараф этади ва пул маблағлари истеъмолчининг ҳисоб рақамига тушиши заҳотиёқ уй-жой коммунал хўжаликлари хизматлари кучга киришини таъминлайди.   

 

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази
PR-хизмати